Huawei 1
Қорақалпоғистоннинг "Арал" жамоаси 2021-йилдан бошлаб Суперлигада истисно тариқасида иштирок этиши мумкин

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, “Арал” футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. 

Қарор лойиҳаси Жисмоний тарбия ва спор вазирлиги томонидан тайёрланган.

Мазкур ҳужжатнинг эътиборга молик томони шундаки, унга кўра Қорақалпоғистоннинг "Арал" жамоаси 2021-йилдан бошлаб Суперлигада истисно тариқасида иштирок этиши мумкин.

Қарор лойиҳаси 5-бандида шундай дейилган:

"Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (Р.Ирматов):

2021 йилдан бошлаб “Арал” футбол жамоасининг супер лигада истисно тариқасида иштирок этишини;

ҳудудда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йилнинг I чорагида Қорақалпоғистон Республикаси 1-сон футбол маҳорат мактаби учун янги сунъий қопламали захира футбол майдонини қуришини;

2021 йилнинг I чорагида “Арал” футбол жамоасини зарур замонавий тренажёрлар ва спорт анжомлари билан жиҳозланишини таъминласин".

Ҳозирда Суперлигада 14та жамоа иштирок этмоқда. Агар "Арал" жамоаси истисно тариқасида қўшиладиган бўлса, жамоалар сони 15та бўлиб қолади. Бу эса мусобақа форматига тўғри келмайди. Натижада, яна бир жамоа Суперлигага қўшилиши керак бўлади. Бу қайси жамоа бўлади, ҳозирча номаълум.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 25 декабрга қадар давом этади. Мана бу ҳавола орқали ўтиб, муҳокамада иштирок этишингиз мумкин.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga