Футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралашининг 3-босқичи 6-туридан ўрин олган учрашув бугун, 19 ноябрь куни бўлиб ўтди. Лаосдаги учрашувда КХДР ва Ўзбекистон миллий жамоалари тўқнаш келди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида меҳмонлар тўлиқ устунликка эришди. Бешинчи дақиқада Шерзод Нарзуллаевда имконият бўлди, афсуски ҳимоячининг оёғи тўпга етмай қолди. Кейинчалик узоқдан Одилжон Ҳамробеков, Акмал Мозговой зарбалар бериб ҳимоячи ва дарвозабонни синовдан ўтказди.
44-дақиқага келиб Аббосбек Файзуллаев жарима майдони ташқарисидан ажойиб зарба йўллади. Йўл-йўлакай корейсларга теккан тўп дарвоза томон йўл олди — 0:1.
Иккинчи бўлимнинг биринчи қисмида корейслар ҳужумга ўтди. Аммо бирорта хавфли зарба йўллай олмади. Учрашувнинг 80-дақиқасида Умар Эшмуродов жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади ва ҳакам пенальти белгилади. ВАРни кўрган ҳакам ўзбекистонлик ҳимоячига қизил карточка кўрсатди.
Кореяликларнинг пенальтисини Ўткир Юсупов қайтарди. Ўнг томонга сакраган ўзбекистонлик дарвозабон тўп йўналишини тўғри топди.
Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги дақиқаларни ҳимояда ўтказди ва ғалабани сақлаб қолди. Ушбу ғалабдан сўнг Ўзбекистон миллий жамоаси ўз ҳисобидаги очколари сонини 13 тага етказди ва А гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 112920 | Инструменты