Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-туридан ўрин олган асосий ўйин Мюнхенда бўлиб ўтади ва у ерга "ПСЖ" ташриф буюради. Бу учрашув "Бавария"да ўйнаётган парижлик футболчи учун ўзгача бўлади. Биз Кингсли Команни назарда тутяпмиз. Ўз вақтида у "ПСЖ"да ўз ўрнига эга бўлмаган, кейин эса Чемпионлар лигаси финалида собиқ жамоасини жазолаганди.
Коман Парижда туғилган ва тўққиз ёшида "ПСЖ" академиясига кирган. Кингслининг мураббийи Ив Гергот футболчисини ўз тенгдошларидан сезиларли даражада ажралиб туришини таъкидлаган. Коман Парижнинг асосий жамоасидаги илк ўйинини 2013 йилнинг февраль ойида ўтказди ва клуб тарихига энг ёш дебютант сифатида кирди (16 ёш 4 ой 8 кун). Ўшанда у Карло Анчелотти бошчилигида "ПСЖ" сафида дебют қилган.
Бу Команнинг 2012/2013 йилги мавсумдаги ягона учрашуви бўлиб қолди. Олти ой давомида уни асосий жамоага яқинлаштиришмади. Кейин улар уни Франция Суперкубоги ўйинида 16 дақиқа майдонга туширишди ва Лига 1нинг иккита ўйинида жами 36 дақиқа вақт беришди. 2014 йилнинг ёзида ёш футболчи "Ювентус"га эркин агент сифатида ўтади. У жамоадан кетиш сабабларини қуйидагича изоҳлаганди.
"Бу пул билан боғлиқ эмас. "ПСЖ" шунчаки ўйин амалиётини таъминлай олмади. Ижара сўрадим, лекин клуб раҳбарияти рад жавобини берди. Шундан кейин мен бутунлай кетишга қарор қилдим. "ПСЖ" бир зумда натижага эришмоқчи ва бунга ёш футболчилар билан эришиб бўлмайди. Раҳбариятнинг сабри йўқ. Улар ёш футболчиларни етиштиришни хоҳлашмайди”.
Команга 2014 йилда "Арсенал", "Ливерпул" ва "Бавария" қизиқиш билдиради. Бироқ, Кингсли «Ювентус»ни танлайди, чунки француз футболчилари Туринда яхши ўйнашади. Команга кўпроқ ўйин вақти берилди - А Cерияда 14 та ўйин (489 дақиқа). Аммо у кўпроқ нарсани хоҳлади. 2015 йилнинг ёзида "Ювентус" ёш футболчини "Бавария"га сотади. 20 ёшида Коман Франция, Италия ва Германия чемпионлигини қўлга киритди. Бундан ташқари, у Евро-2016нинг бир қатор ўйинларида майдонга тушди. Бир қанча жароҳатлар сабабли 2018 йил охирида Коман фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлаганди: "Бу йил мен учун жуда оғир бўлди. Яна жароҳат олганимда, худди ҳаммаси тугайдигандек эди. Умид қиламанки, бошқа бундай нарсаларни бошдан кечирмайман. Агар бу яна такрорланса, мен футболдан кетаман."
Яхшиямки, Коман фаолиятини яна қайтадан бошлай олди. 2020 йилда Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Финалда "Бавария" француз футболчисининг собиқ жамоаси "ПСЖ"ни мағлуб этди. У урган ягона гол эвазига немислар ғолибликни қўлга киритди. Орадан 3 йил ўтиб Коман яна "ПСЖ"ни хафа қилди. Бу сафар Чемпионлар лигаси 1/8 финалининг илк учрашувида немис клуби Парижда ғалаба қозонди (1:0), Кингсли бу сафар ҳам ягона голга муаллифлик қилди.
"ПСЖ"ни қанчалик яхши кўришимни ҳамма билади, гарчи бу ҳақда доим гапирмасам ҳам", – деганди ўша пайтда франциялик футболчи жавоб ўйини олдидан. Мен анчадан бери ўйнаб келаётган "Бавария"ни ҳурмат қиламан. Албатта, "ПСЖ"га қарши ўйинда жамоамнинг ғалабаси учун ҳамма нарсани қиламан".
Келажакда Коман "ПСЖ"га қайтиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда французнинг ўзи бундай вариантга қарши бўлмасди. У бир неча йил олдин "Билд" нашрига берган интервьюсида шундай деган эди: "Агар қачондир "Бавария"ни тарк этсам, бундан ҳам топ-клубга ўтишим керак бўлади. Аммо бундай имконият йўқ. Фақат битта вариант бор: севимли болалик клуби "ПСЖ"га қайтиш. Айтганча, Команнинг дўсти Преснел Кимпембе Францияда тўп суради. Улар бир-бирларини 10 йилдан ортиқ билишади. Дўстлар яна "ПСЖ"да бирлашиши мумкин.
Alpha version: 0.9.1.19 build 112920 | Инструменты