Huawei
Вадим Абрамов: "Яманни назарий жиҳатдан ютдик, энди буни амалда бажариш керак"

Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган учрашувда Яманга қарши баҳс олиб боради. Мазкур ўйин олдидан бугун "Пахтакор" стадионида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда миллий терма жамоамиз янги бош мураббийи Вадим Абрамов ва терма жамоа сардори Одил Аҳмедов иштирок этишди.

"Эртанги ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Таркибдаги барча футболчилар майдонга тушишга шай бўлиб турибди. Эртанги ўйин қандай кучга эга эканимизни кўрсатиб беради. Яман яхши тайёргарликка эга жамоа. Таркибдаги футболчилар узоқ вақтдан бери биргаликда машғулот олиб боришади, уларда бир бирини тушуниш жуда яхши. Аммо биз Ўзбекистонмиз. Ўйлайманки, савия жиҳатидан юқори бўлишимиз керак. Яманни назарий машғулотларда ютиб бўлдик, энди буни амалда кўрсатиш қолди.

Терма жамоага келадиган барча футболчилар майдонда борини беришга тайёр ҳолда келади. Буни масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда айтишим мумкин. Ҳеч ким ўзини аяб ўйнамайди. Барча жамоа ғалабасига ҳисса қўшгиси келади. Биз янги жамоа шакллантиряпмиз. Яман бизни аввалги ўйинлар орқали ўрганган. Шу сабабли эртанги жамоада Яман учун кутилмаган сюрпризлар бўлиши мумкин. Сюрприз ҳам ҳар хил бўлади. Яхши ва ёмон маънода. Умид қиламанки, эртага яхши маънодаги сюрприз тақдим қиламиз.

Ҳозирда қўлостимда бўлиб турган футболчиларни аввалги жамоа билан солиштириш ноўрин. Аввалги жамоа билан узоқ вақт бирга бўлиб, уларни яхши билардим. Бу жамоа нималарга қодир эканини билиб олишим учун вақт керак бўлади. Менга бир ой вақт беринг. Кейин бу жамоа қандай салоҳиятга эга эканини айтиб бераман".

Матбуот анжуманида Одил Аҳмедов ҳам эртанги ўйин ҳақида фикр билдирди.

"Ҳамма Жаҳон чемпионатига чиқишимизни истайди. Лекин энг кўп истаётганлар бу футболчилар бўлади. Шу сабабли ғалаба учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Барчанинг кайфияти яхши. Ўйинга тайёрмиз", - деди Одил Аҳмедов.

Комментарии: 20
Вы не авторизованы
Добавить комментарии без регистрации

Вверх