Huawei 2
Ўзбекистонда сайловларни ўтказиш санаси декабрдан март ойига кўчиши мумкин

Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланиши кўзда тутилган:

- умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ва сайлов натижалари таҳлиллари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилини янада қарор топтириш;

- замонавий ахборот коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш орқали сайлов комиссияларининг очиқлигини таъминлаш, сайлов соҳасида давлат интерактив хизматларини йўлга қўйиш, сайлов қонунчилиги бузилишини олдини олишга қаратилган чораларни қўллаш;

- миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётини халқаро сайлов стандартлари асосида доимий ва узлуксиз такомиллаштириб бориш мақсадида сайлов соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;

- сайлов жараёни иштирокчиларининг билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, сайлов комиссияларининг кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг ривожланган хорижий давлатлар амалиёти асосида малакасини ошириб бориш, ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш;

- сайлов комиссиялари моддий-техник таъминотини яхшилаш, сайлов участкалари сифатида фойдаланадиган бино ва иншоотларни сайлов ўтказиш учун олдиндан мослаштириш чораларини кўриш, сайлов жиҳозларининг эҳтиёткор сақланиб борилишини таъминлаш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда:

– суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга сайлаш ҳуқуқини бериш, суд томонидан индивидуал тартибда сайлаш ҳуқуқи чекланган ҳоллардан ташқари;

– муддатли сайловларни ўтказиш санасини декабр ойидан март ойига кўчириш;

– бир номзод фақат битта вакиллик органига депутат этиб сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga