Қабристонларни ободонлаштириш мақсадида келгуси 3 йил учун 1,6 трлн сўм маблағ ажратилмоқда

Давлат раҳбарининг тегишли топшириғи ижросини бажариш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг “Қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори (267-сон, 21.05.2026-yil) қабул қилинди.

Қарорга кўра, республикада мавжуд 10 мингдан зиёд қабристонларни ободонлаштириш мақсадида 2027-2029 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланиб, жами 1,6 трлн сўм маблағлар йўналтириш белгиланди.

Бунда Дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

➖ қабристонларнинг ҳимоя деворларини қуриш ва кириш дарвозаларини ўрнатиш ва таъмирлаш — маҳаллий бюджетлари маблағлари;

➖ қабристонларнинг бино ва иншоотлари ҳамда йўл ва йўлакларини қуриш ва таъмирлаш — ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларда шаклланган маблағлар, ҳомийлик ва хайр-эҳсон маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари.

Хайр-эҳсон қилиш орқали келиб тушадиган маблағларни қабристонни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларга йўналтириш мақсадида ҳар бир қабристон учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади.

Бунгача хайр-эҳсон учун бир тумандаги жами қабристон учун 1 та ҳисобварақ очилгани сабабли йиғилган маблағлар назорати йўлга қўйилмаган эди.

Ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларга ихтиёрий хайр-эҳсон қилувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловларини қабул қилиш учун тегишли QR-кодлар жорий этилади. Тушган маблағлар фақат ушбу қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади ва бошқа мақсадлар учун сарфланишига йўл қўйилмайди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 53121 | Инструменты