Бу йил 50 кун ўтказилиши режалаштирилган фестивалнинг ҳар бир куни меҳнатсевар, гулсевар наманганликлар ва меҳмонлар учун чинакам байрамга айланади.
65-халқаро юбилей фестивал энг аввало, маҳаллалардан бошлангани билан аввалгиларидан ажралиб туради. Яъни, бу йил вилоятдаги мавжуд 754 та маҳалланинг барчаси фестивал иштирокчисига айланди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча ва маҳалла гулзорларга бурканди.
Улар ўртасида "Энг гулзор, энг обод маҳалла" кўрик-танлови ўтказилмоқда. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, фестивал якунида ғолибларни муносиб мукофотланади.
Ўтган йили фестивалга тайёргарлик жараёнида вилоят бўйича жами 100 миллион туп гул кўчати экилган эди. Бу йил эса ушбу миқдор 150 миллион тупга етказилди. Натижада Наманган “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Guinness рекордини ўрнатди. Энди дунёдаги саноқли шаҳарлар қаторида Наманган ҳам Гиннеснинг “Рекордлар китоби”га киритилиб, тарихда қоладиган бўлди.
Шу боис 24 май куни фестивалнинг тантанали очилиши катта байрамга айланди. “Наманган халқаро аэропорти” олдидан гуллар билан безатилган анъанавий автомобиллар паради старт олди. У марказий кўчалар бўйлаб ҳаракатланиб, вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи олдига етиб келди.
Бу ерда бўлиб ўтган расмий очилиш маросимида кўплаб хорижий давлатларнинг дипломатик корпус вакиллари, чет эл компаниялари ва инвесторлар, нуфузли меҳмонлар, маданият ва санъат намоёндалари, сайёҳлар ва кенг аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов табрик сўзида фестивалнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида тўхталди.
Бу йилги Фестивал доирасида жами 150 дан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги форумлар, маданий-маърифий, оммавий-спорт ва бошқа турдаги тадбирлар ўтказилади.
Меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” тематик паркида яратилган бетакрор ва мафтункор гул композицияларидан завқ оладилар. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” боғининг 60 гектар майдонида ҳам гуллар билан безатилган композициялар барпо этилди.
Бу йил туманларда ҳам турли тадбир ва сайллар ўтказилиб, туризм бўйича янги локациялар ташкил этилмоқда.
Хусусан, анъана тусига кирган Чустда “Ош танлови”, Попда "Лаванда сайли" қаторига эндиликда Мингбулоқда “Патир фестивали” ҳам қўшилмоқда. Албатта, бу каби йўналишлар фестивал доирасида Наманганга келган хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади.
Наманганда ўтаётган “Гуллар фестивали” халқаро бирдамлик, дўстлик улуғланадиган тадбирлар марказига айланиб бормоқда. Жорий йил фестивалда 1 миллиондан зиёд хорижий, 8 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташрифи кутиляпти.
Фестивал шу йил 12 июлга қадар давом этади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 53121 | Инструменты