Термизда 217 туп дарахт ноқонуний кесилиши бўйича суд ҳукми ўқилди

Сурхондарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган иш материалларига кўра, собиқ Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ҳамда “Мансур Текстиль Термиз” МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, Термиз шаҳри «Дўстлик» маҳалласи Юридик техникум ҳудудидаги дарахтларни кўчириш ишларини ташкил этишга уринган. Бу мақсадда улар ўзаро дастлаб 20 миллион сўмлик шартнома расмийлаштирилган.

Бироқ ҳудуддаги дарахтлар вилоят  Экология ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари
томонидан хатловдан ўтказилиб, қимматли дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат қонунчилик талабларига асосан рад этилган.

Шунга қарамасдан, қурилиш ҳудудидаги 61 туп “Элдор қарағайи”, 36 туп “Виргин арчаси”, 101 туп “Шарқ биотаси”, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 туп дарахт ўзбошимчалик билан кесиб ташланган.

Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 2 миллиард 69 миллион 437 минг 500 сўмни ташкил этган.

Апелляция инстанциясида Термиз Шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи ўзини айбсиз деб ҳисоблаб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. У суддаги кўрсатмаларида дарахтларни кесишга рухсат бор деб ўйлагани ва қурилиш ташкилотига фақат “ёрдам бергани”ни билдирган.

Бироқ суд ҳайъати иш бўйича тўпланган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда экспертиза хулосаларини атрофлича таҳлил қилиб,Термиз шаҳар қурилиш бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбли деб топди.

Суд ҳукмига кўра, унга иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинадиган 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Дастлабки қамоқда сақланган муддати инобатга олиниб, ўташи лозим бўлган якуний жазо муддати 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 53121 | Инструменты