Huawei 1
“Қизил Қалъа” ва “Шамун-Наби” воқеаси – Маданият вазирлиги бир йил аввал хабар топган бўлсада бунга кўз юмган

Бир неча йил давомида Қорақалпоғистон Республикасидаги “Қизил Қалъа” ёдгорлиги ва “Шамун-Наби” мақбарасини реставрация қилиш ўрнига, бу борада бирор билимга эга бўлмаган шахслар томонидан унинг тарихий кўриниши номувофиқ тарзда сайқалланган. Айни шу ҳолат юзасидан фикр алмашиш мақсадида Маданият вазирлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Аввалига эътиборингизга тарихий обидалар ҳақида қисқача маълумотни ҳавола этсак. Қизил қалъа – Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳридан 27 км шимолда жойлашган бўлиб, эрамизнинг I асрларида бунёд этилган. Қалъа деворлари қизғиш лойдан тиклангани боис кун чиқиш ва ботиш вақтида қизғиш тусда кўзга ташаланид. Тарихда Қалъада IX-XI асрларда одамлар яшаган, XII-XIII асрларда қалъа гарнизони Қоратоғ орқали ўтадиган сув ва йўлларни назорат қилган, 1221 йилда ушбу жой Чингизхон томонидан яксон қилинган. Унинг бугунги кунгача сақланиб қолган қимслари эса замондошларимиз томонидан номувофиқ сайқалланмоқда.

Шамун-Наби мақбараси – Миздакхон ўрта асрларда Жанубий Орол бўйларидаги савдо-иқтисодий марказ бўлиш билан бирга, Ислом илми тараққий этган шаҳарлардан бўлган. Ривоятларга кўра, Шамун-Наби пайғамбар авлодларидан бири бўлган. 1960 йилларда археологлар томонидан қабр очилганда жасад аниқланмаган. Миздакхоннинг деярли барча маданий объектлари “етти” рақами билан боғлиқ. Етти гумбазни Шамун-Набининг етти гўзал қизи шарафига қурилган дея ҳисоблашади. Айни шу ривоятлар туристларни ўзига жалб этиб келмоқда. Бироқ ўз ишига масъулиятсиз амалдорлар эса ушбу обидаларнинг тарихий хусусиятлари йўқолиб кетишига сабабчи бўлмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Маданият вазирликлари вакиллари асосий эътиборни “Қизил Қалъа” ёдгорлиги ва “Шамун-Наби” мақбарасига оид ушбу муаммога қаратишди. Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова “Шамун-Наби” мақбарасидаги ҳолатни вазирлик руҳсатисиз амалга оширилганини айтди. Гап шундаки, Фазлиддин Давлатов раҳбарлигидаги “Мерос Чашмаси” УК лойиҳа ташкилоти “Қизил Қалъа” ва “Шамун-Наби” маданий объектларида гўёки реставрация ишларини олиб боришган. Аслида эса мамлакатнинг тарихий мероси ҳисобланмиш – ушбу обидалар замонавий кўринишда таъмирлаб қўйилган.

Анжуман давомида буни Маданият вазирлиги Жамоатчилик Кенгаши раиси Зафар Ҳакимов ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Шамун-Наби” мақбарасининг ҳозирги ташқи кўриниши ўз тарихий хусусиятларини йўқотган деб ҳисоблаш мумкин. “Қизил Қалъа” ёдгорлиги билан ҳам аҳвол шундай бўлиб, унинг ташқи деворлари гўёки тикланган, аслида таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Қорақалпоғистон Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш давлат инспекцияси бошлиғи Қувончбек Шариповнинг сўзларига кўра, қўштирноқ ичида реставрация қилинган обидаларнинг ички кўринишига зарар етмаган эмиш. Лекин таъмирлаш ишлари якунига етгач, иншоот олдинги ҳолатининг сурати билан солиштирганда, барчаси яққол намоён бўлади. Обидаларнинг нафақат ташқи кўриниши балки ички хусусиятларига ҳам сезиларли даражада ўзгартириш киритилган.

Тадбирда эътиборимизни тортган яна бир жиҳат шундаки, Ўзбекистон Маданият вазирлиги Жамоатчилик Кенгаши раиси Зафар Ҳакимов фикрича, унинг солиштириб айтганида, “мақбарада бундай қимматли ва эътиборга тааллуқли қадимги безак, масалан меъморий намуналар бўлмаган”. Шунинг учун ҳам бу ҳолга келтирилган. Зафар Ҳакимов назарида конструкция, интерьер ҳолати сақланиб қолган бўлса, унда ҳеч қандай катта хато йўқ.

Ўзида кўп асрлик тарихни жам қилган мақбарани вазирликнинг махсус рухсатисиз таъмирлашар экан-у, лекин бу ҳолатда ҳеч қандай хато йўқ эмиш. Яна бир қизиқ тарафи, лойиҳа ташкилотига ким буюртма берди? Умуман тарихий объектларни назорат қилувчи ташкилотлар қаерга қаради? Қилар ишни қилиб, биз билмаймиз, бизга буюришганди деганлар ҳам гапни пайсалга солиб, кимдан буюртма олганини айтишмади.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги раҳбарияти бўлиб ўтган воқеа юзасидан махсус комиссия тузилиб текширув ўтказилишини, шунга кўра тегишли чора кўрилишини қайд этди ҳалос.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81523 | Инструменты