Ҳиндистон Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзолик доирасида бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлади. Томонлар музокаралар натижаларини мустаҳкамловчи протоколни имзолади.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов маълум қилди.

Унинг қайд этишича, бозорга кириш масалалари бўйича келишувга 2024 йилда эришилган бўлса-да, протокол матнини мувофиқлаштириш ва техник текширув жараёнлари маълум вақт талаб қилди.

Азизбек Урунов Ҳиндистон томони музокараларнинг мазмунан қисмида конструктив ёндашув намойиш этганини таъкидлаб, мамлакат раҳбарияти ва мутасаддиларига Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пантнинг протокол имзоланишидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.

Маълум қилинишича, имзоланган протоколнинг асл нусхаларидан бири яқин вақт ичида Жаҳон савдо ташкилоти котибиятига тақдим этилади ва Ўзбекистоннинг аъзолик бўйича ҳужжатлари пакетига киритилади.

Мазкур келишув Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнидаги муҳим босқичлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 61715 | Инструменты