Марказий банк 2026 йил якунида инфляция 6,5% атрофида шаклланишини прогноз қилмоқда

Марказий банк бошқаруви йиғилишида асосий ставкани йиллик 14% даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди ва бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлди. Инфляция пасайиш динамикасида давом этиб, товарлар нархлари ўсиши секинлашиши кенг қамровли хусусият касб этмоқда.

Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.

Марказий банкнинг қайд этишича, келгуси чоракларда ҳам инфляция ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга кўриб чиқиш имкониятлари юзага келади.

2025 йил декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3%гача пасайди. Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшди. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7%гача пасайди.

Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясидан тўхтаб, декабрь ойида бироз ўсиши қайд этилди.

Ушбу омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат қатъий сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатади.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5% атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ортиб бориши иқтисодиётда даромадлар ўсиши ҳамда истеъмол талабини жорий йилда ҳам рағбатлантирувчи омил бўлади.

Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ҳамда қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда озиқ-овқат ҳамда хизматлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолишига қарамасдан умумий таъсирлар нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.

Қимматбаҳо металлар нархларининг юқори даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва буджет даромадлари таркибида салмоқли улушга эга бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари субъектларининг қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9%га мустаҳкамланишига хизмат қилди. Бу, импорт инфляцияси босимини камайтиришга ва долларлашув даражасини пасайтиришга ёрдам берди ҳамда ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтирди. Келгуси ойларда ҳам ташқи шароитларнинг нисбатан қулай ва реал самарали алмашув курси динамикасини мувозанатли даражада шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40200 | Инструменты