Тошкент шаҳридаги барча қурилиш объектлари учун янги талаблар жорий этилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
3 июнь куни бўлиб ўтган мулоқотда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаковнинг қурилиш объектларида экологик нормаларни жорий этиш бўйича қарори ижросини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда қурилиш майдонларини ягона тартиб асосида ташкил этишга қаратилган инновацион ва намунавий лойиҳа тақдим этилди.
Унга кўра, қурилиш объектлари ташқи томондан махсус тўсиқлар билан ўралиши, объект паспорти ўрнатилиб унда барча зарур маълумотлар акс эттирилиши, пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этилиши назарда тутилган.
Шунингдек, қурилиш майдонлари периметри бўйлаб микроиқлим яратиш тизимлари, сув пуркагич ва дозаторлар ўрнатилади. Қурилиш жараёнларини доимий назорат қилиш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилиб, улар Қурилиш назорати инспекцияси тизимига интеграция қилинади.
Бундан ташқари, экологик датчиклар, тунги кузатув воситалари, артезиан сув қудуқлари, автомобилларни ювиш майдончалари ҳамда автоматик электр ҳисоблагичларини жорий этиш режалаштирилган. Қурилиш техникаларидан шаҳар кўчаларига тоза ҳолда чиқиш талаб этилади.
Тошкент шаҳар Қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи Сирожиддин Эшқувватов янги тартиб ва талабларнинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, пойтахтдаги 1700 га яқин қурилиш объектларига мазкур талабларни жорий этиш учун муайян муддат берилади.
Тошкент шаҳар ҳокими лойиҳани такомиллаштириш учун барча конструктив таклифларга очиқ эканини, билдирилган фикрлар асосида зарур ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини қайд этди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 61715 | Инструменты