Демографик ҳолат кўрсаткичлари ФҲДЁ органлари ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида шакллантирилган бўлиб, ҳисоб-китоблар БМТ тавсияси асосида ишлаб чиқилган услубий Низомга мувофиқ амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2017 йил 1 январ ҳолатига кўра, 32,1 млн. кишини ташкил этиб, 1991 йилга нисбатан 11,5 млн. кишига, яъни 55,9 фоизга ўсган.
Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони тўғрисидаги статистик маълумотларнинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, республика аҳолиси 1926 йилда – 4,6 млн. киши, 1939 йилда – 6,3 млн. киши, 1959 йилда – 8,1 млн. киши, 1970 йилда – 11,8 млн. киши, 1979 йилда – 15,4 млн. киши, 1989 йилда эса 19,8 млн. кишини ташкил этган.
Республика аҳолисининг жойлашуви бўйича 1926 йилда шаҳар аҳолисининг жами аҳоли сонидаги улуши – 21,9 фоизни ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 2017 йил 1 январ ҳолатига келиб – 50,6 фоизни ташкил этган.
Республика аҳолисининг миллатлар тақсимоти таркибида ҳам ўзгаришлар кузатилган. 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Республика аҳолиси таркибида ўзбеклар сонининг жами аҳоли сонидаги улуши – 83,8 фоизни, қорақалпоқлар - 2,2 фоизни, руслар – 2,3 фоизни, тожиклар – 4,8 фоизни, қозоқлар – 2,5 фоизни, татарлар – 0,6 фоизни, украинлар – 0,2 фоизни ташкил этган.
Республика аҳолисининг ёш таркибига кўра, 2017 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар (0-15 ёшдагилар) улуши 30,1 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдагилар (эркаклар 16-59 ёш, аёллар 16-54 ёш) 60,5 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар (эркаклар 60 ёш ва ундан катта, аёллар 55 ёш ва ундан катта) 9,4 фоизни ташкил этган.
2016 йилда 726,2 минг нафар бола туғилганлиги қайд этилган. 2015 йилда эса Республика тарихида энг кўп 734,1 минг нафар боланинг туғилганлиги қайд этилган.
Республикада 1991 йилда 130,3 минг киши, 2001 йилда 132,5 минг киши, 2011 йилда 143,3 минг киши, 2016 йилда 154,8 минг киши вафот этган.
2017 йил 1 январ ҳолатига 168 та туман, 119 та шаҳар, 1081 та шаҳарча, 1468 та қишлоқ фуқаролар йиғинлари, 10998 та қишлоқ аҳоли пункти ҳамда 8207 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд.
Республика ҳудуди 448,97 минг кв.кмнт ташкил этиб, 1 кв.кмга 71,5 киши тўғри келади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 92107 | Инструменты