Huawei 1
«Биз Ўзбекистоннинг янги маданий меросини яратмоқчимиз» — Гаянэ Умерова

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова 10 июнь куни бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми сессиясида ташкилотнинг асосий маданий мақсадлари ва ёшларнинг келажакни шакллантиришдаги роли ҳақида гапирди.

Умерованинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш устида фаол ишламоқда, бироқ бунда ўз маданий кодини сақлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамғарма раҳбари Ўзбекистон бой тарих ва меросга эга бўлгани ҳолда, келажакка ҳам сармоя киритиш зарурлигини таъкидлади. Бу, айниқса, мамлакат демографияси нуқтаи назаридан муҳимдир: аҳолининг қарийб 65 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

«Биз улар ҳақида, келажак ҳақида ўйлашимиз, шунингдек, масалан, ҳозир Бухоро биенналеси бадиий директори Диана Кемпбелл билан биргаликда қилаётганимиз каби глобал ташаббусларни яратишимиз керак. У нафақат қадимий тарихи, балки минтақанинг янги маданий маркази сифатида шаҳарга катта эътиборни жалб қилади», — деди у «Креатив иқтисодиёт: маданий меросдан инвестицион келажакка» сессиясида.

Умерова, шунингдек, давлат кўмагида амалга оширилаётган Замонавий санъат марказининг ўзига хослигини таъкидлади.

«Маданият ҳеч қачон мамлакат раҳбарияти томонидан бундай қўллаб-қувватланмаган, унга бунчалик катта сармоя киритилмаган. Биз нимага эришган бўлсак, барчасига президентимизнинг кучли қўллаб-қувватлаши туфайли эришдик. У ҳақиқатан ҳам ташкилотимизга ишонади, лекин ундан ҳам кўпроқ — у ёшларга, салоҳиятни ривожлантиришга ва маданиятга сармоя киритиш келажакка сармоя эканлигига ишонади», — деди у.

Нутқда маданий туризмга алоҳида эътибор қаратилди. Умерованинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакатга кўплаб сайёҳлар келади, лекин кўпинча фақат бир марта, яъни «галочка» учун.

«Сайёҳлар қайтишни хоҳлашлари учун маданий инфратузилмани яратиш, жаҳон маданий муҳити билан интегратсиялашиш ва мунтазам равишда ўтказиладиган тадбирлар — биенналелар, фестиваллар ва шунга ўхшашларни ўтказиш керак. Биз маданият ва меросга илҳом манбаи — санъат соҳасини ривожлантириш ва халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган барқарор қизиқишини қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган ҳаракатлантирувчи куч сифатида қараймиз», — деди у.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳам ёшлар ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

«Ёш авлод тарбияси билан шуғулланиш жуда муҳим. Ёшларни глобал жараёнларни тушунадиган, айни пайтда ўз маданий ўзига хослигини ҳурмат қиладиган қилиб тарбиялаш муҳим. Биз ёшларда ўз юрти, халқи билан фахрланиш туйғуси бўлишини истаймиз. Фақат шу йўл билан олдинга силжиш ва уларни келажакка йўлбошчимизга айлантириш мумкин», — деди ташкилот раҳбари.

Жамғарманинг вазифалари ҳақида гапирар экан, Умерова уларнинг мақсади шунчаки тадбирлар ўтказиш эмас, балки янги маданий инфратузилмани яратиш эканлигини таъкидлади:

«Ҳозирда таниқли япониялик архитектор Тадао Андо билан биргаликда барпо этаётган янги Давлат санъат музейи, Замонавий санъат маркази ва бошқа платформалар каби лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Мақсадимиз ҳам шу — янги инфратузилмани мерос қилиб қолдириш. Кўп асрлар олдин Регистон қурилганидек, биз ҳам мамлакатнинг янги маданий меросини яратмоқчимиз».

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81614 | Инструменты