20-21 апрель Самарқандда трансмиллий наркотаҳдидларга қарши глобал форум ўтказилади

Бугунги кунда гиёҳвандлик ва наркожиноятлар инсоният олдидаги энг жиддий глобал таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки жамият барқарорлиги ва давлат хавфсизлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. БМТ маълумотларига кўра, дунёда қарийб 300 миллион киши гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилади, ҳар йили эса 600 мингдан ортиқ инсон ушбу иллат оқибатида ҳаётдан кўз юмади.

Мазкур муаммо Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Сўнгги йилларда наркожиноятлар сонининг ортиши, айниқса синтетик гиёҳванд моддалар тарқалиши вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шу боис мамлакатда наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда янги, комплекс ёндашув шакллантирилмоқда. Бу ёндашув очиқлик, тизимли таҳлил ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка таянади.

Айнан шу мақсадда 20–21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида глобал форум бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Форум халқаро майдонда тажриба алмашиш, янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва давлатлар ўртасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформага айланиши кутилмоқда. Унда БМТ, Интерпол, Европа Иттифоқи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Жаҳон божхона ташкилоти каби 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, 50 га яқин давлатдан юқори даражадаги делегациялар иштирок этади.

Форум доирасида замонавий технологиялар кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Унда сунъий интеллект асосидаги таҳлилий тизимлар, рақамли мониторинг платформалари ва ноқонуний наркотик траффикни аниқлашга мўлжалланган илғор техник воситалар намойиш этилади. Шунингдек, IT-стартаплар, ёшлар учун профилактика лойиҳалари ва маҳаллий тажрибалар тақдим этилади.

Дастурдан ёшлар саммити ҳам ўрин олган бўлиб, унда “салл фор астион” тақдимотлари, панель муҳокамалар, AI Hackathon ғолиблари чиқишлари ҳамда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади.

Форум якунида Самарқанд декларацияси қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу ҳужжат наркотик таҳдидларга қарши курашда ягона ёндашувларни шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Самарқанд форуми Ўзбекистоннинг глобал хавфсизлик масалаларида фаол ва ташаббускор давлат сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганини яна бир бор намоён этади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42922 | Инструменты