Huawei 1
Ўзбекистон Президенти Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотига номзод этиб кўрсатилди

“Россия тинчлик фонди” халқаро жамоат фонди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонни халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумбашарий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, кўп қутбли дунё барпо этиш, халқлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзодини илгари сурди. Бу ҳақда жамғарма бошқаруви раиси, Давлат думаси халқаро ишлар қўмитаси раҳбари Леонид Слутскийнинг мукофот ҳакамлар ҳайъатига йўллаган мактубида айтилади.

Мурожаатномасида у 2025 йил 31 март куни Хўжандда бўлиб ўтган уч давлат раҳбарларининг биринчи саммитида тарихий келишувлар – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги битим ва “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларацияси имзоланганини таъкидлади, бу эса халқаро барқарорлик, бутун минтақа барқарорлиги ва барқарор ривожланиши мақсадларини таъминлашга хизмат қилади.

“Россия тинчлик фонди” халқаро жамоат фонди ушбу муҳим тарихий воқеани нишонлаш ҳамда кўп қутбли дунё барпо этиш ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмонни Лев Толстой номидаги халқаро тинчлик мукофотига номзод қилиб кўрсатишни таклиф этади.

У мазкур давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан Евроосиё маконида хавфсизлик таъминланаётгани, Марказий Осиё давлатлари ўртасида визасиз макон яратиш ва минтақанинг туристик жозибадорлигини ошириш ғояси юзасидан мулоқот давом этаётганини алоҳида таъкидлади.

Мукофот ҳақида

Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти учинчи жаҳон уруши хавфининг олдини олишга қаратилган фаолиятдаги юксак хизматлар, халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, кўп қутбли ва зўравонликсиз дунё қуриш, демилитаризация, демократлаштириш ва гуманитар соҳалардаги ютуқлар, тинчликпарварлик фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги иштироки учун берилади.

2024 йилда ушбу мукофот Африка иттифоқига топширилган эди. Ҳакамлар ҳайъати БРИКС, ШҲТ ва “Катта йигирматалик”ка аъзо бўлган тўққиз давлат фуқароларидан иборат бўлиб, улар орасида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг уч доимий аъзоси ҳам бор.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81614 | Инструменты