Солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар сифати яхшиланади

“Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий  ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–95-сон, 19.05.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:

- 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг “Business ready” рейтингида солиқ йўналиши бўйича биринчи даражага чиқиш;

- солиқ хизматлари сифатини яхшилаш ва солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш.

2026 йил 1 июлдан:

- текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

-  солиқ хавфи ўрта бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар тўғрисида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Бунда аниқланган камчиликлар 1 ой ичида бартараф этилган тақдирда, солиқ текширувлари ўтказилмайди;

 - янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг ихтиёрига кўра дастлабки 6 ой давомида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати “Soliq-servis” АЖ томонидан бепул амалга оширилади.

2026 йил 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади. Бунда солиқ тўловчилар томонидан:

- солиқ хизматларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги, шунингдек, солиқ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини;

- солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлиги даражасини баҳолаш имконияти яратилади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 52123 | Инструменты