Huawei 1
Тил сертификатига эга бўлмаган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш бўйича кўрсатма берилмаган — Мактаб таълими вазирлиги

Мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаган, дея маълум қилди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши тақдимномасига жавобан.

Аввалроқ Касаба уюшмаси вазирликка тақдимнома киритиб, В2 даражадаги тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчиларини ишдан бўшатмасликни сўраган эди.

«Вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаган», — дейилади жавоб хатида.

Таъкидланишича, меҳнат шартномасини тузиш ёки бекор қилиш меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозим: «Меҳнат кодекси 19-моддасига мувофиқ, ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари эканлиги белгиланган. Шунга мувофиқ, Меҳнат кодексида, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш бевосита якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозим».

Шу билан бирга, хатда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилига қадар барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгилангани эслатиб ўтилган.

«Ўқувчиларга сифатли таълим берилиши ва тил билиш кўникмаларини лозим даражада эгаллашлари учун уларга таълим берадиган педагогларнинг билим даражаси (шу билан бирга тил билиш даражасининг асоси сифатида тегишли сертификатга эга бўлиши) етарли бўлиши лозимлиги муҳим аҳамиятга эга», — дейилади жавоб хатида.

Вазирлик август ойида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил ўқитувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қўшимча тест синовлари ташкил этилишини маълум қилган.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81614 | Инструменты