Халқаро Нордик университети ва IDC таълим маркази ҳамкорлигида ўтказилган «TasIMO–2026» Тошкент халқаро математика олимпиадаси ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг финал босқичи Бўстонлиқ туманидаги "Green Hills Resort" мажмуасида бўлиб ўтди. 2 кунлик синовлар натижасига кўра, 44 нафар ғолиблар аниқланди. 21 май куни «TasIMO–2026» олимпиадасининг тақдирлаш ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг Халқаро Нордик университети ректори, профессор Шерзод Мустафакулов иштирокчиларни табриклаб, «TasIMO» қисқа вақт ичида дунёнинг турли мамлакатларидаги иқтидорли ёшлар кутадиган нуфузли математик платформага айланганини таъкидлади.
3–9- синф ўқувчиларидан 21 нафари ғолиблар қаторидан жой олди. 3- ўрин соҳибларига, БҲМ нинг 12 баравари, 2-ўринга 16 баравари, 1-ўрин эгаларига эса 20 баравари миқдорида пул мукофотлари, медаль, сертификат ва статуэтка топширилди.
10-11-синфлар кесимида эса 23 нафар ғолиблар аниқланди. Уларга олтин, кумуш, бронза медаллари, сертификат ва статуэтка, шунингдек, мос равишда 500, 700 ва 1000 $ топширилди.
Шу билан бирга Олимпиада финалида 3-9-синфлар ўртасида яхши натижа қайд этгани учун Билолиддин Шаҳобиддиновга “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари юлдузи” махсус мукофоти тақдим этилди.
Маълумот учун, Олимпиаданинг шаффоф ва адолатли тарзда ўтишида 25 нафардан ортиқ халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари фаол иштирок этди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 52123 | Инструменты