Huawei 1
Олимпиада чемпиони Лазизбек Муллажонов намунасида допинг аниқланди

Боксчи Лазизбек Муллажоновнинг намунасида допинг моддаси борлиги аниқланди. Бу ҳақда Халқаро допинг-тест агентлиги (ITA) хабар берди.

Қайд қилинишича, Муллажоновнинг 2025 йил 11 июнда топширган намунасида метастерон аниқланган. Тест синови мусобақадан ташқари даврда ўтказилган.

Метастерон – тақиқланган модда бўлиб, мушакларнинг тез ўсишига, куч ва чидамлиликни оширишга ёрдам берадиган синтетик анаболик андроген стероид.

Спортчи ушбу ҳолат ҳақида хабардор қилинган ва Б намунасини таҳлил қилишни сўраш ҳуқуқига эга.

Таъкидланишича, агар Б намуна таҳлили сўралса ва А намунаси натижасини тасдиқласа, иш допингга қарши қоидаларнинг тасдиқланган бузилиши деб ҳисобланади.

Агар Б намунасини таҳлил қилиш сўралмаса, у ҳолда иш барибир допингга қарши қоидаларнинг тасдиқланган бузилиши сифатида кўриб чиқилади. Спортчига натижалар бўйича ўз тушунтиришини тақдим этиш имконияти берилади.

Бутунжаҳон антидопинг кодекси қоидаларига кўра, Муллажонов вақтинчалик барча мусобақалардан четлатилган.

Лазизбек Муллажонов 26 ёшда. 2024 йилги ёзги Олимпиадада у 92 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган эди. Шунингдек, 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81614 | Инструменты