Huawei 1
“Латте омили”: бадавлат бўлмай туриб ҳам бой яшаш мумкинми?

Мутолаа – инсон тафаккурини ошириб, дунёқарашини кенгайтириши, янги билимларни олиш билан бирга, унга бадиий хордим бериш вазифасини ўтайди. Яхши китоб топиб, уни мутолаа қилишни эса ҳамма, айниқса, дам олиш куни бўлиши билан қўлига китоб олувчи инсонлар кўпроқ исташади.

UzReport.news.uz нашри “Нега шу китобни ўқиш керак?” лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида муаллиф Нигора Ҳасанова жаҳон ва ўзбек адабиётидан китоб тавсия қилади, уни ўқиш нима учун муҳимлиги тўғрисида фикр юритади. Дастлабки сон танлови – Дэвид Бах ва Жон Дэвид Ман муаллифлигидаги “Латте омили” асари.

Асар ҳақида

Дэвид Бах ва Жон Дэвид Маннинг айтишича, ҳа, албатта мумкин. Бунинг учун маошимизни оширишларини, лотореяга ютуқ чиқишини ёки кутилмаган хазинадан умид қилишнинг кераги йўқ. Муаллифларнинг  айтишича, кўпчилик бир умр бошқаларни бой қилиш учун ишлаганини жуда кеч тушунар экан. Натижада эса ўзини ҳеч қачон бадавлат бўлолмайдиган муҳтож одамдек ҳис этиб, барча истакларини ноаниқ муддатга ортга суради. Бугун ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган китобда асар қаҳрамони ҳам “қурбим етмайди”, дея кўп нарсада, ҳатто орзуларида ҳам ўзига чекловлар қўйган. У тасодифан танишиб қолган кекса бариста эса қизга ўзи ўйлаганидан анча   бадавлатроқ эканини тушунтириб беради.

Биз бугун молиявий мустақиллик нима эканини ва унга қандай эришиш мумкинлигини ўрганамиз. Асарнинг ўзи ҳақида фикр билдирадиган бўлсак, аниқ айтиш мумкинки, у ҳақиқатан ҳам ажойиб асар.  “Молиявий эркинлик” асари муаллифи, “Millenial Money” сайти яратувчиси Грант Сабатьенинг фикрича, Дэвид Бахнинг стратегиялари 30 ёшида миллионер бўлишига ёрдам берган. Қатъий айтаманки, бу асарни ўқиш керак, амалда қўллаш муҳим, кейин эса уни ўзингиз таниган барчага улашишингиз шарт.

Неча йилдирки, Бах пул, сармоя, жамғарма, бойлик тўплаш ҳақидаги оддий, аммо таъсирли таълимоти билан одамларнинг ҳаётини ўзгартириб келмоқда. Дунёга машхур “The View” кўрсатуви продюссери Кэнди Кортер Опра Уинфри шоусининг “Латте омили” тамойиллари ҳақида суҳбатлашилган сонини эфирга узатади. Бу лойиҳа сабаб продюссер Бахнинг ўн миллионлаб одамлар ҳаётининг ўзгартирганига гувоҳ бўлади. Хуллас, “Латте омили” – орзуларимизни рўёбга чиқаришга илҳомлантирувчи самимий ва ёқимли саёҳат. Орзунинг орзулигича қолиб кетмаслигига, унинг амалга ошиши учун ҳаракатга тушишимизга туртки берадиган, ҳозирги замон тили билан айтганда, мотивация берадиган асар. Аслида муаллиф умид ва илҳом ҳақидаги номалари билан бутун дунё аудиториясини ҳаракатга келтира олган. “Латте омили” қалбингизга аланга ёқиб, кайфиятингизни кўтаради. Китоб эътиборингизга, мушоҳада қилишингизга ва ундаги тавсияларга қулоқ тутишингизга арзийди. 

Асарнинг ёзилиш сабаблари

“Латте омили” Зои исмли қиз ҳақида. У онасининг вафот этишидан бир неча ой аввал афсус-надоматларсиз, бахтли яшашни исташини айтиб суҳбатлашади. Мана шу ҳикоя муаллифнинг бувиси Роуз Бах билан бўлган сўнгги суҳбатга асосланган. Роуз Бах айтиб берган ҳикоя Дэвид Бахнинг кейинги ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Муаллифнинг ёзишича,  унинг бувиси ажойиб тиришқоқ аёл бўлган. 30 ёшида бутун оиланинг тақдирини ўзгартириб юборадиган қарор қабул қилади: қашшоқ яшашдан воз кечади. Хўш, қандай қилиб?

Ўша пайтларда у Викинсин штатининг Милуоки шаҳридаги Гимбелс дўконида ишлаган ва у ерда париклар сотган. На бувиси, на бобоси коллежда ўқишган. Улар маошдан-маошгача, учма-уч кун кечиришган. Хуллас, уларнинг ҳаёти курашдан иборат бўлган. Аммо бувиси яхшироқ ҳаётни орзу қилади ва 30 ёшга тўлганда бобосига шундай дейди: “Ҳаётимизни ўзгартириш вақти келди!”

Улар ҳафтасига бир доллардан тежашни бошлайдилар. Ҳатто тушликни ҳам уйдан олиб боргани учун ҳамкасблари орасида “ҳасис” деган лақаб ортиради. Аввалига бу гаплардан хафа бўлган аёл, мақсади аниқ бўлгани учун бундай гап-сўзларга аҳамият бермасликка ўтган. Аёл умри давомида пул жамғариб, сармоялар киритиб ўзини-ўзи миллионерга айлантиради. Ва билими ҳамда сармояга бўлган муҳаббатини Дэвид Бахга қолдиради. Дэвид Бах 7 ёшга тўлганида биринчи акцияларини сотиб олишга ёрдам беради. Бу ўша вақтдаги McDonald’s акциялари эди.

Шундай қилиб аёл муаллифнинг биринчи устозига айланади. Охир-оқибат унинг сабоқлари бутун ҳаётини, фаолияти ва мақсадларини белгилаб беради.  20 йил олдин чоп этилган ва жаҳон бестселлерига айланган “Ақли аёл умрининг охиригача бой бўлади” номли китоби бувиси ва ундан олган сабоқларига бағишланган.

“Латте омили”да илгари сурилган асосий ғоя бу – чингиздаги ёш болага имкон бериш. Соддароқ тушинтираман: Бахнинг бувиси унга ўлими олдидан шундай насиҳат қилади: “Дэвид, ҳеч нимадан афсусланишингни хоҳламайман. Таваккал қил! Ёдингда бўлсин, қай йўлдан юришни билмай, чорраҳада туриб қолсанг, ичингда иккита овозни эшитасан: биринчиси, катта одамнинг товуши – “хавфсиз йўлни танла, ўзингни хатарга отма!”, дейди. Иккинчиси, ёш бола “Мана бу йўлдан юр, Дэвид, бу қизиқ бўлади. Кел. Ҳаракат қилиб кўрамиз!”, дея ундайди. Ичингдаги мана шу қизиққон ва ўйнагиси келган болакайнинг сўзларига қулоқ тут. Унинг ташқарига чиқиб ўйнашига қўйиб бер. Дўстларингга ҳам шундай маслаҳат бер”.

Асардаги бу ғоя ва муаллифнинг айтмоқчи бўлганлари сизга ўта содда туюлиши мумкин. Лекин, у ҳаётга бўлган қарашларимизни ўзгартиришимиз учун айнан бувисининг ҳаёти, унинг маслаҳатларини атай ўртага ташлайди. Нега аёл образи? Аёлки мақсадларига етибдими, энг қийин вазиятларда ҳам кучли сабр матонат билан уларни енга олибдими, демак бу ҳаммамизнинг қўлимиздан келади. Асар қаҳрамони ҳам аввалига бироз тушкун кайфият эгаси эди. Вақт ва кенгроқ дунёқараш ҳаётнинг гўзал томонларини кўрсатиб, осон ва бой  яшаш сирларини ўргатади. Мутолаа давомида Сиз ҳам ҳаётингиздаги мавжуд  чигалликларни еча олишингизга ишонаман.

Нигора Ҳасанова

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 81614 | Инструменты