Huawei 1
10 ойда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси $25,768 млндан кўпроқни ташкил этди

Давлат статистика қўмитаси шу йилнинг январь-октябрь ойларида республика ташқи савдо айланмаси билан боғлиқ маълумотларни эълон қилди.

10 ой давомида республика ташқи савдо айланмаси 25 768,3 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,9 % га ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 10 258,0 млн. АҚШ долларга ва импорт ҳажми 15 510,3 млн. АҚШ долларига етди. Ташқи савдо сальдоси – 5 252,3 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига назар ташласак, пахта толасининг умумий экспортдаги улуши аввалги йилларнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайганини кўришимиз мумкин. Ушбу даврда жами 101,5 минг тонна пахта толаси экспорт қилинган.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг октябрь ойида экспорт қилинган товар ва хизматлар, сентябрь ойига нисбатан 102,9 млн. АҚШ долларга камроқ экспорт қилинди ва 788,4 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Товар ва хизматлар импорти ҳажми эса 1837,0 млн. АҚШ долларини ташкил қилган бўлиб, бу эса сентябрь ойига нисбатан 183,9 млн. АҚШ долларига кўпроқдир.

2018 йил январь-октябрь ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 38,3%ни ташкил этди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 132,4% ошди.

Экспорт таркибида товарлар 75,4% улушга эга, булар асосан энергия манбаалари ва нефт маҳсулотлари (19,9 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (9,0 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,3 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт хизматлари, туризм хизматлари, телекоммуникация, компютер ва ахборот хизматлари ҳамда молиявий хизматлар ҳиссасига тўғри келади.

Экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 37,5 %ини ташкил қилади.

2018 йилнинг январь-октябрь ойларида 732,5 млн. АҚШ долларига тенг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт таркибига қаралса, 561,6 минг тоннадан кўпроқ сабзавотлар 252,1 млн. АҚШ долларига экспорт қилинган.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида импорт ҳажми 15 510,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар 41,1%, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар 13,3% ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари 8,4% гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga