Андижоннинг сўлим ва баҳаво гўшасида жойлашган – «Eнергетик» оромгоҳида Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларининг фаол ёшлари учун анъанавий “Ёш лидерлар мактаби” ўқув-оромгоҳи ташкил этилган.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгаши томонидан уюштирилган 10 кун давом этувчи лойиҳада юртимиз келажаги бўлган иқтидорли ёшлар таълим олиш баробарида, мазмунли дам олишлари кўзда тутилган. Ўнинчи маротаба ташкил этилаётган лойиҳада бу йил 150 нафар ўғил-қиз иштирок этмоқда.
Тадбир ташкилотчилари ўз олдиларига фаол ёшларимизда - этакчилик қобилиятини ривожлантириш, раҳбарлик салоҳиятини шакллантириш ва ижтимоий фаоллар сафини кенгайтириш каби эзгу мақсадларни қўйганлар. Бу борада турли долзарб мавзулардаги қизиқарли семинар-тренинглар, турли соҳа вакиллари билан учрашувлар ва маданий-маърифий кечалар уюштирилмоқда.
Андижон вилоят давлат солиқ бошқармасининг етакчи мутахассислари масканда “Солиқ қонунчилиги ҳақида нималарни биласиз?” мавзусида семинар-тренинг ўтказди. Ноанъанавий тарзда ўтган тадбир давомида қизиқарли викторина ва кўрик-танловлар ташкил этилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ўқув-оромгоҳи ёшлари уч гуруҳга бўлинган ҳолда солиқлар ҳақидаги билимларини ошириш ҳамда солиқ маданиятини шакллантириш борасида бир неча йўналишлар бўйича ўз малакаларини синовдан ўтказишди. Улар солиқ тизими ҳақидаги билимларини савол-жавоб шаклидаги викториналар, ўзлари чизган суратлар ва саҳна кўринишлари орқали намойиш этдилар.
Тадбир сўнгида номинатсиялар бўйича аниқланган жамоаларга вилоят давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 71007 | Инструменты