Кафолатланган омонатларнинг юқори миқдорини 200 млн сўмгача чеклаш таклиф этилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мамлакатда омонатларни кафолатлаш тизими билан барча банклар қамраб олинмаган. Кўплаб жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчи Халқ банки омонатларни кафолатлаш тизимида иштирок этмасдан, унга жойлаштирилган омонатлар давлат томонидан кафолатланади. Бу эса молия хизматлари бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Бундан ташқари, банклардаги омонатлар Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ ҳажмда кафолатлангани омонатчилар томонидан банкнинг молиявий ҳолати ва фаолият таваккалчилиги билан қизиқмасдан ўз маблағларини юқори фоизли омонатларга жойлаштирилишига сабаб бўлмоқда.

Жаҳон банки томонидан мамлакатдаги банкларнинг “Омонатларни кафолатлашнинг самарали тизими асосий тамойиллари"га мувофиқлиги ўрганилганда, 16та асосий тамойилдан 8таси бўйича қўйилган мақсадларга эришиш мумкин эмаслиги ёки бундай мақсадларга зид қоидалар мавжудлиги аниқланган.

Қонун лойиҳасида омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.

Иқтисодий инқирозларнинг салбий оқибатларини минималлаштириш мақсадида кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси белгиланмоқда — 200 млн сўм.

Мазкур миқдорни белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати таҳлил қилинди. У 99,7% омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлайди.

Қонун ташаббускорлари кафолатланган омонат миқдорининг чеклангани билан банклар фуқаровий жавобгарликдан озод этилмаслигини ва улар омонатчилари олдида ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлишини қайд этишди.

Бу эса омонатчилар маблағларининг кафолатланган ҳажмдан ошган қисмини ҳам банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлигини билдиради.

Яна бир муҳим масала — кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси муайян шахснинг фақат битта банкдаги омонатига татбиқ этилади.

Бу шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларда ўз омонатларига эга бўла туриб, мазкур банкларнинг барчаси тугатилган тақдирда ҳам қонун лойиҳаси билан яратилаётган тизим барча омонатларни бир хилда кафолатлайди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 121500 | Инструменты