Покистон пойтахтида "Food Fest Uzbekistan – 2025" миллий озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазма Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда Исломобод шаҳрининг энг йирик "Centaurus Mall" савдо марказида ташкил этилди.
Тантанали очилиш маросимида Покистон савдо вазирлиги раҳбарияти, Исломобод, Равалпинди ва Чаквал савдо-саноат палаталари, Исломободда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, жумладан Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Беларусь, Туркия, Озарбайжон, Португалия, Шри-Ланка, Яман, Индонезия ва бошқа давлатлар элчилари, мезбон мамлакатнинг йирик тадбиркорлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар, ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Покистон давлат мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев кириш нутқи билан тадбирни очиб берди. Элчи Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг жорий йил 25-26 февраль кунлари юртимизга амалга оширган ташрифи, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан олий даражали мулоқоти, икки давлат раҳбарлари даражасида тузилган Стратегик шериклик кенгаши, имзоланган битим ва меморандумлар ўзаро муносабатларни барча соҳаларда янги босқичга олиб чиққани тўғрисида маълумот берди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари, шунингдек, икки давлат етакчилари томонидан иқтисодий дипломатия ўзаро муносабатларнинг асосий йўналиши бўлиши, савдо айланмаси ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш тўғрисида келишувга эришилганини таъкидлади.
"Бугунги ўзбек озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси яқинда бўлиб ўтган олий даражали ташрифдан сўнг янгича руҳда ташкил этилаётган илк тадбир ҳисобланади. 2025-2026 йилга мўлжалланган тадбирлар режасига бир-бирини тўлдирувчи миллий иқтисодиётларимиз тўғрисида ўзаро хабардорликни ошириш мақсадида қатор тадбирлар киритилган", Ўзбекистон расмий вакили.
Кўргазманинг очилиш маросимида, шунингдек, Исломобод Савдо-саноат палатаси президенти Насир Қурейши, "Centaurus Mall" савдо маркази раҳбари Сардар Иляс, дипломатик корпус дуайени – Туркманистон элчиси Атажан Мавломов сўзга чиқиб, мазкур тадбир ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки давлат раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ этишга хизмат қилиши таъкидладилар.
Тадбирда 25 та ўзбекистонлик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар – "Ro’zmetov", "Sladus", "VIKO", "SQ", "Paradise", "Ermak", "Natural Juice" ва бошқалар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Биринчи куни кўргазмага ташриф буюрганларнинг сони 60 минг кишидан ошди.
Уч кун давом этадиган кўргазма доирасида Ўзбекистон тадбиркорларнинг Покистон Ўсимликлар ҳимояси департаменти, Исломобод ва Равалпинди савдо-саноат палаталари раҳбарияти ва аъзолари, "Centaurus Mall" савдо маркази, "Islamabad Cash & Carry", "Metro", "Punjab Cash & Carry", "Save Mart", "Hatim" ва бошқа улгуржи ҳамда чакана савдо тармоқлари раҳбарлари билан учрашувлари режалаштирилган.
Насир Қурейши, Исломобод Савдо-саноат палатаси президенти:
– Бугунги кўргазма покистонлик тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликни Ўзбекистоннинг бой озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий таомлари билан яқиндан таништиради. Мазкур йўналишдаги янги ҳамкорлик лойиҳалари, савдо шартномалари учун замин яратади.
Сардар Иляс, "Centaurus Mall" савдо маркази раҳбари:
– Ушбу кўргазма моҳияти ва мазмуний кўлами бўйича улкан натижалар беради. Бу нафақат иқтисодий аҳамиятга эга, балки дўст мамлакатларимиз, Марказий ва Жанубий Осиёдаги сиёсий, ижтимоий ва минтақавий боғлиқлик жараёнларига ҳам ижобий таъсир қилади. Келгусида ҳам савдо марказимиз ҳудудида ушбу турдаги тадбирларни мамнуният билан ташкил этишга тайёрлигимизни билдираман.
Атажан Мавломов, Туркманистон элчиси, Исломободдаги дипломатик корпус дуайени:
– Барча ташкилотчиларни Исломобод шаҳридаги дипломатик корпус номидан бугунги ажойиб тадбир билан табриклайман. Бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши Марказий Осиё мамлакатлари ва Покистон ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш, халқ дипломатиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 71010 | Инструменты