Сурхондарёда юз минглаб балиқлар нобуд бўлди

Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан “Олтинсой Голден Инвест” МЧЖ раҳбарининг балиқлари нобуд бўлганлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган мурожаати ўрганилди.

Ўрганишда, 14.10.2019 йилдан буён ижара шартномаси асосида “Дегрез” сув омборидан “Олтинсой Голден Инвест” МЧЖ балиқчиликни ривожлантириш мақсадида фойдаланиб келаётган бўлсада, Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Х.нинг топшириғи билан 18.06.2023 йилдан 26.06.2023 йилгача “Дегрез” сув омборидан 2 млн. 970 минг3 сув “Пўстин” каналига чиқариб юборилиши оқибатида балиқлар нобуд бўлиб, жамият манфаатлари ва ҳайвонот дунёсига 50 млн. 688 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, А.Х. нинг топшириғи билан “Олтинсой-Ҳазарбоғ” каналидан “Пўстин” каналига 06.05.2023 йилда 12 м3/с сув очилиши оқибатида “SURXON-TEXNO” МЧЖ томонидан 2023 йил апрель-май ойларида “Дегрез” сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарада амалга оширилган қурилишнинг бетон қисми қотмаганлиги боис қурилиш объектини сув ювиб, яроқсиз ҳолатга келтирган.

Шунингдек, “SURXON-TEXNO” МЧЖ томонидан мазкур объектда 2023 йил май ойида қайта қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бетоннинг лойиҳавий русумига жавоб берувчи қотиш муддати камида 28 кунни ташкил этсада, А.Х. нинг топшириғи билан 05.06.2023 йилда яна “Пўстин” каналига 11 м3/с сув очилиб, бетон қисми қотмаганлиги сабабли сув ювиб кетиб, объектни бутунлай яроқсиз ҳолатга келтирган.

Юқоридаги 2 та ҳолатда “Пўстин” каналига сув очилиб, “SURXON-TEXNO” МЧЖ  томонидан “Дегрез” сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарада қайта 206 млн. 66 минг 235 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Шу билан бирга, А.Х. мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, сувни очиш ҳақида ноқонуний топшириқлар берганлиги оқибатида “Дегрез” сув омборига кириш қисми ва ундаги шаршарадаги қурилиш-таъмирлаш ишларининг якунига етиш муддати сунъий равишда ошиб кетиб, сув омборига етарли сув захираси йиғилмаган ҳамда 2023 йилда Шўрчи тумани “Мустақиллик-10” ҳудудида 155 гектар, “Далварзин” ҳудудида 130 гектар, “Ижтимоий” ҳудудида 95 гектар, “Ялти” ҳудудида 23 гектар жами 403 гектар режалаштирилган такрорий экинларни экиш имкони бўлмасдан давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 19.08.2023 йилда Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-модда 2-қисми “а” банди ва 202-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 120116 | Инструменты