Германия ҳукумати бошпана олиш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижликларни чиқариб юборишни тезлаштиришга қаратилган миграция сиёсати бўйича иккита ташаббусни маъқуллади. 4 июн, чоршанба куни қабул қилинган ҳар икки ҳужжат Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ), шунингдек, Германия социал-демократик партияси (ГСДП)дан иборат консерватив блокнинг коалиция музокаралари чоғида аввалроқ келишилган эди.
Ташаббусларнинг биринчиси ҳукмрон коалицияга федерал ерлар иштирокисиз мигрантлар учун хавфсиз келиб чиқиш мамлакатларини аниқлаш ҳуқуқи берилишини назарда тутади. Гап таснифлаш тартибини соддалаштириш ҳамда Бундестаг ва Бундесратнинг аввал зарур бўлган рухсатини бекор қилиш ҳақида кетмоқда, бу бошпана сўровларини тезроқ кўриб чиқиш ва мигрантларни хавфсиз деб тан олинган мамлакатларга қайтариш имконини беради.
Режага кўра, Германия ҳукумати ҳуқуқий ва сиёсий вазиятни баҳолаш асосида ҳамда қийноқлар, таъқиблар ёки ғайриинсоний муносабат таҳдиди бўлмаган тақдирда давлатларни мустақил равишда хавфсиз деб таснифлаши мумкин бўлади. AFP агентлиги таъкидлаганидек, ўтмишда мамлакатларни хавфсиз деб таснифлаш ташаббуслари кўпинча Бундесрат томонидан, айниқса ҳукуматлари таркибига "яшиллар" кирган федерал ерлар вакиллари томонидан рад этилган.
Alpha version: 0.9.1.19 build 60621 | Инструменты