Huawei 1
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий қилинган янги хизматлар тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий қилинган янги хизматлар тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сўнгги пайтларда кенг жамоатчилик ўртасида скоринг, озиқ-овқат саватчаси, экотизим, софт коллекшн каби тушунчаларга тез-тез дуч келинмоқда. Бу эса ҳеч кимни ажаблантиргани йўқ. Чунки банк тизими модернизация қилиниб, рақамлаштириш босқичларидан ўтмоқда, жараёнлар мақбуллаштирилиб, бош офис ва сотув нуқталари ўртасидаги вазифалар қайта тақсимланмоқда.

Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларга мувофиқ, банк фаолиятини автоматлаштириш ва хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, самарали инфратузилма яратиш, кредитлашни бозор шартлари асосида амалга ошириш каби чора-тадбирлар бутунлай янгича мазмунда ташкил этилмоқда.

Халқаро молия корпорацияси (ХМК) билан ҳамкорликда Банкни трансформация қилиш бўйича янги бизнес модел ишлаб чиқилди. Банкни стратегик ривожлантириш дастури ва Мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари яратилди. Банк хизматларининг онлайн турлари жорий этилди, кредит ва омонатни расмийлаштиришда ҳужжатлар сезиларли даражада қисқартирилди, валюта айирбошлаш ва халқаро хизматлар ўтказмалари амалиётлари оптималлаштирилди. Корпоратив бизнес учун кредит маҳсулотларини сотиш бўйича янги бизнес жараёни, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида эса алоҳида стратегия ишлаб чиқилди.

Анжуманда Банкдаги трансформация жараёнлари қайси босқичда давом этаётгани, айрим тузилмалар фаолияти янгиланиб, уларнинг вазифалари блокларга бўлинган ҳолда йўлга қўйилаётгани, тизимда қайси лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, қай бирлари ўрганиш ҳолатида эканлигига батафсил тўхталиб ўтилди.

Журналистлар эътибори Банк тизимида яқинда янгиланган тартибди иш бошлаган колл марказ, қарздорликларни марказлашган ҳолда сўндирувчи софт коллекшн ҳамда андеррайтинг хизматлари фаолиятига қаратилди.

– Колл марказимиз асосий вазифалари банк маҳсулотлари бўйича мижозларга кенг тушунча бериш, банк маҳсулотларини уларнинг мақсад ва эҳтиёжларига кўра йўналтириш, маркетинг изланишларини олиб бориш ва раҳбариятга мижозлардан келиб тушган мурожаатлар асосида таклифлар киритиб боришдан иборат, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Бозоров. –Шунингдек, марказ мутахассислари ижтимоий тармоқлардан келган саволларга ҳам жавоб бериб, аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга кўмаклашади.

Қарздорликларни марказлашган ҳолда сўндириш маркази ўз номига кўра, Банк кредит маҳсулотидан фойдаланаётган мижозлар билан ишлайди. Бугунги кунда марказда махсус психологик тестдан муваффақиятли ўтган 20 нафар ходим фаолият юритиб, уларнинг ҳар бири кунига 300 тагача қўнғироқ асосида мижозлар билан мулоқот қилади.

Андеррайтинг – кредит ажратишнинг марказлашган тизими бўлиб, у Банк томонидан юридик ва жисмоний шахсларга ажратиладиган кредитлар бўйича ҳужжатларнинг ортиқча бюрократик тўсиқларсиз, қисқа муддатда кўриб чиқилишини таъминлайди.

Шунингдек, тадбирда Банкнинг республика молия бозорида тутган ўрни, хорижий ҳамкорлари, молиялаштираётган йирик лойиҳалари хусусида маълумот берилди. Янги хизматларидан – JOYDA мобил иловаси, ипотека кредити, микроқарз, “Sog’ligim-boyligim” омонати ҳақида тушунча берилди.

– JOYDA платформаси аҳолига анъанавий банк хизматларини кўрсатиш баробарида, уларни савдо компаниялари билан ўзаро боғловчи савдо майдончаси эканлиги билан қулайлик туғдирмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Улуғбек Таваккалов. – Платформада мерчантларнинг товарлари кредитга суғурта полиси ва етказиб бериш хизмати билан бирга тез ва қулай сотилмоқда. Агар сотув суръати бугунгидек давом этаверса, унда мижозларга озиқ-овқат саватчасидаги товар ва хизматларни янада кенг доирада таклиф этиш имкони туғилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз илова имкониятларини ҳам горизонтал, ҳам вертикал усулда ривожлантириб бориш ҳаракатидамиз. Масалан, яқинда JOYDA иловасида HumoPay орқали тўлов тизимини ишга туширдик. Мазкур тизим андроид телефонларида Humo картаси орқали харидларни амалга ошириш имконини беради.

Izohlar: 1
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga