Самарқанд автомобиль заводининг 80 та автобусидан 20 таси Тошкентга олиб келинди.
«Тошшахартрансхизмат» ва Самарқанд автомобиль заводи ўртасида 80 та паст сатҳли автобусларни 2018 йилда етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган эди. Бу ҳақда 27 октябрь куни Самарқанддан муҳбиримиз маълум қилганди ва SamAuto шу куннинг ўзида SAZ LE60 русумидаги 20 та шаҳар автобусининг биринчи партияси фойдаланишга топширилди.
Автобусларнинг сиғими 56 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, 25 та ўриндиқка эга. Автобусларга Евро-4 экологик стандартга эга ИСУЗУ двигателлари ўрнатилган. Мазкур замонавий жамоат транспортининг ўзига хос жиҳатлари шундаки, унда автобусга кириш зинапоясиз, яъни автобус паст сатҳли бўлиб, ундаги мавжуд клининг тизими эса имконияти чекланган йўловчиларнинг транспортга чиқишида қулайлик яратади.
Таъкидлаш жоиз, Самарқанд автомобил заводи ИСО 9001 ва ИСО 14001 каби стандартларга жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга. Янги турдаги автобус – SAZ LE60 эса ўзбек конструктор-инженерлари меҳнат фаолияти маҳсулидир.
Шу боис мазкур автобусни Ўзбекистондаги ягона интеллектуал транспорт деб аташ мумкин. Буни «Тошшахартрансхизмат» ва Самарқанд автомобил заводи ўртасидаги шартноманинг илк партиясини топшириш маросимида иштирок этганлар ҳам таъкидлашди.
“Самарқанд автомобиль заводи” МЖЧ техник директори Хусен Кабилов: Кўп йиллик тажрибамиздан келиб чиқиб, раҳбарият ва мутахассисларимиз янги автобусни ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйишга қарор қилди. Мегаполислардаги йўловчини ташиш усуллари, жаҳон тенденциялари, автотранспорт тадбиркорлик субъектлари талаблари, халқаро стандартлар ҳамда экспорт салоҳияти чуқур ўрганилди. Бунинг барчаси янги турдаги икки эшикли, 8 метрлик автобус лойиҳасини ишлаб чиқишимизга замин яратди. Бунда биз асосий эътиборни хавфсизлик тизимига қаратдик. 56 кишига мўлжалланган автобус имконияти чекланган йўловчилар учун ҳам қулайдир. Келгуси йилларда яна 200 та шу каби автобусларни ишлаб чиқариш кўзланмоқда. Бунда нафақат маҳаллий бозор балки ташқи бозорни ҳам ўзимиз учун устувор йўналишлар деб қарамоқдамиз. Қозоғистон ва Россияга экспорт қилиш режалаштирилган.
«Тошшахартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси Мохир Валиев буюртманинг илк партиясини қабул қилиб олиш мақсадида заводга ташриф буюрди. Шунингдек у ҳамкасблари билан биргаликда SAZ LE60 автобусини завод ҳудудидаги test drive майдонида текширувдан ўтказди. Автобус 20 фоизлик нишабликда ҳам ортиқча қийинчиликларсиз ҳаракатланди.
Шундан сўнг, SamAuto заводи ходимлари «Тошшахартрансхизмат» вакилларига автобуслар калитларини топширишди.
Шундан сўнг, барча қулайликларга эга автобуслар пойтахт аҳолиси учун хизмат қилиш мақсадида Тошкент сари йўлга отланди. Таъкидлаш жоиз, SamAuto`да ишлаб чиқарилувчи ҳар қандай транспорт воситаси МДҲ давлатларида ягона бўлган катафарез жараёнидан ўтказилади. Бу темир маҳсулотларини коррозиядан ҳимоя қилишнинг энг юқори технологияли усули саналади. Шу боис 4 фаслда ҳам автобуслар фуқароларга беминнат хизмат кўрсата олади.
Самарқанддан йўлга чиққан автобуслар 4-5 соат деганда Тошкентга кириб келишди. Эслатиб ўтамиз, шу каби жамоат транспортларининг яна 60 таси 2018 йил якунига қадар етказиб берилиши режалаштирилган. Мазкур пастга эгилувчи ва аппаррел тизими жорий этилган, кондиционер билан жиҳозланган автобуслар эндиликда Тошкент аҳолиси ва меҳмонларига хизмат қилади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 72212 | Инструменты