Президент: "Мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак"
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2021 йилда республикада уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак. Бу ҳаводан олинган гап эмас, Жаҳон банки, мамлакатимиздаги масъул ташкилотлар томонидан ўрганилган таҳлиллар натижаси. Шу билан бирга, лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, соҳани маблағ билан таъминлаш ва ҳалол-пок ишлатиш, малакали мутахассислар тайёрлаш каби кўплаб муаммолар ўз ечимини кутаётгани ҳам ҳақиқат.
Шу сабабли, аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид янги фармон тайёрланди. Ушбу фармонда, энг муҳими, аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бизда қурилишда танлаш деган ибора умуман йўқ эди шу пайтгача.
Биринчидан, 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта ёки ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп уй-жойлар қурилади.
Шундан:
«Қишлоқ қурилиш инвест» ва «Шаҳар қурилиш инвест» томонидан 12 мингта;
янги тартиб бўйича Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26,5 мингта квартира;
ҳар бир вилоятда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тадан, жами 6,5 мингта оилага кредит ажратилади.
Шунингдек, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган 8 мингта квартира жорий йилда фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса, аёлларга ижтимоий уй-жойлар ижара асосида ажратилади», - деди Давлат раҳбари.
Alpha version: 0.9.1.19 build 40503 | Инструменты