Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 25-октябр куни Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси раҳбари – Элчи Шарлотта Адриан билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги муносабатларни амалий мазмун билан бойитиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши муҳокамаларнинг асосини ташкил этди.
Ўзаро савдо айланмаси барқарор ўсишда давом этаётгани, Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани, бунда “ГСП+” тартиби сифатли ўзбек товарларини Европа бозорига экспорт қилишнинг рағбатлантирувчи омилига айлангани таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда парламентлар имкониятларидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада “Европа Иттифоқи – Ўзбекистон” Парламент ҳамкорлиги қўмитаси доирасида ташкил этилган мулоқотнинг ўрни муҳимлиги қайд этилди.
Айни пайтда Олий Мажлис Сенати билан йўлга қўйилган Европа Иттифоқининг “Интер Парес” – “Парламентлар ҳамкорликда” лойиҳасининг бориши юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоиз, “Интер Парес” – Европа Иттифоқининг парламентаризмни мустаҳкамлаш бўйича глобал дастури бўлиб, Демократия ва сайловга кўмаклашиш халқаро институти (ИДЕА) томонидан Европа Иттифоқига ҳамкор мамлакатлар парламентларининг эксперт кўмагида амалга оширилади. Мазкур лойиҳа Марказий Осиё давлатлари орасида айнан ягона ҳамкор сифатида Ўзбекистон парламенти билан йўлга қўйилиб, Венгрия, Германия, Кипр, Литва, Словакия, Франсия, Чехия ҳамкор давлатлар ҳисобланади.
Томонлар лойиҳани самарали амалга оширишнинг устувор жиҳатларини бирма-бир муҳокама қилиб, амалий мулоқотнинг ҳар бир таркибий яъни молиявий назорат, гендер тенглик масалалари, ёшлар парламенти, электрон парламент йўналишида ҳал этилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан келишиб олдилар.
Шунингдек, мулоқот давомида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва БРМга эришиш бўйича қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда Европа Иттифоқи ҳамда унинг ихтисослашган идоралари билан муносабатларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 122315 | Инструменты