“Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш давлат ва кооперативлар ўртасидаги ҳамда мулкий муносабатларни тартибга солиш масалалари ҳам белгиланмоқда.

Шунингдек, белгиланаётган нормалар кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан шарт-шароитлар яратиш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалаларини кўзда тутади.

Лойиҳада қишлоқ хўжалиги кооперативи жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашиб, эгалик қиладиган ва демократик йўл билан бошқариладиган, аъзоларининг моддий ва бошқа эхтиёжларини қондириш учун пай усулига асосланган қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи мустақил ва тижорат ташкилот эканлиги белгиланмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида замонавий кооператив муносабатларни тартибга солиш, кооперативларнинг ҳуқуқий кафолатини яратиш, бозор механизмларини жорий этиш, эркин рақобат муҳитини шакллантириш ва мавжуд табиий ресурслардан тўғри фойдаланишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40500 | Инструменты