Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 31 октябр куни гидроенергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Унда энергетика тизимининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги кўриб чиқилди.
Сўнгги беш йилда тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилгани таъкидланди. Лекин, айрим вилоят ҳокимлари ўзлари ҳаракат қилиб, маҳаллаларда трансформатор ва тармоқларни яхшилашга, куз-қишни беталафот ўтказиш учун маблағлар, трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантиришга етарли эътибор қаратмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Умуман, ҳудудлардаги 33 мингта трансформатор, 122 минг километр электр тармоқлари эскирган, оқибатда ишлаб чиқарилган электрнинг 12 фоизи йўқотилган. 20 та туманда электр йўқотишлари ҳажми республика кўрсаткичидан 1,5 баробар юқори.
Шу муносабат билан Энергетика вазирлигига ҳудудларда эскирган трансформатор ва тармоқларни янгилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш, вилоят ҳокимлари ва прокурорларига дастурни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
2026 йилга бориб жами йўқотишлар ҳажмини 8 фоизга тушириш шартлиги таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, қозонхоналарни капитал ва жорий таъмирлаш, иссиқлик тармоқларини таъмирлаш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Республика бўйича режа 98 фоизга бажарилган бўлса-да, Андижон, Наманган ва Сурхондарёда орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Икки ҳафта муддатда барча куч ва воситаларни сафарбар қилиб, қозонхоналар ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ишларини якунлашга топшириқ берилди.
Ижтимоий соҳа муассасаларида ҳам эски ва энергия сарфи юқори бўлган қозонларни янгилашни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бу йилги куз-қиш мавсумига аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун етарли ҳажмда кўмир етказиб бериш муҳимлиги таъкидланиб, 10-ноябрга қадар ижтимоий соҳа обектларига қўшимча 60 минг тонна кўмир етказиб бериш топширилди.
Айрим ҳудудларда аҳолига кўмир тарқатиш тизими тўғри йўлга қўйилмагани, оқибатда етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бош прокуратурага тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб боришини назорат қилиш бўйича тизим яратиш топширилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
Alpha version: 0.9.1.19 build 42719 | Инструменты