2019 йил Ўзбекистонда ташаббусли бюджет механизмлари жорий қилинди. Ўтган вақт мобайнида миллионлаб фуқаролар ташаббусли бюджет ҳамда унинг натижалари ҳақида яхшигина хабардор бўлди. Ушбу механизмга бўлган қизиқиш борган сари ортиб бормоқда.
Буни рақамлар ҳам тасдиқлаб турибти. Ташаббусли бюджетлаштиришга ажратилаётган бюджет маблағларининг ошиб бориши билан фуқаролар бераётган таклифлар сони ҳам 2,5 баробарга кўпайди. Масалан, 2019-йилда 28,7 мингта таклиф бўлган бўлса, 2022 йилда 69,7 мингтага етди. Таклифларга овоз берган фуқаролар сони эса 87,7 мингдан 6,7 млнга етди. Шу билан бирга, молиялаштириш учун танлаб олинган лойиҳалар сони ҳам ортди.
Бу кўрсаткичлар ортида ташаббуслари билан ўзлари яшаб турган маҳалла ва қишлоқларида инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга эришган фуқаролар саъи-ҳаракати ётади.
Фуқаролар бюджет маблағларини тақсимлашда бевосита иштирок этаётганидан мамнун
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан республика бўйлаб жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Мониторингда 2022 йилда “Ташаббусли бюджет”да ғолиб деб топилган лойиҳаларининг молиялаштирилиши, белгиланган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда бу борадаги маҳаллий аҳоли фикри ўрганилди.
Мониторинг давомида жами 135 та лойиҳа объектига борилди. Шундан 69 та таълим, 10 та йўл, 5 та ичимлик суви, 20 та тиббиёт, 31 та ободонлаштириш ва бошқа объектлар ҳолати кўздан кечирилди.
Фуқаролар фикри ўрганилганда, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари кенг жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинганлиги маълум бўлди. Хусусан, фуқаролар ўз солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок этаётганликлари, фарзандлари ва маҳалладошлари ҳаётини янада қулай ва яхшироқ қилишга эришаётганликларидан мамнун эканлигини билдиришди.
Камчиликлар ҳам йўқ эмас...
Ўрганишлар давомида 135 та обектдан 45 тасида "Ташаббусли бюджет” лойиҳалари амалга оширилишида аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, 16 та объект бўйича ишлар сифациз амалга оширилган, 12 та лойиҳа бўйича ишлар якунига етмаган, 7 та обект бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар учун маблағ ажратилмаган ёки тўлиқ молиялаштирилмаган, 5 та обект бўйича ажратилган маблағлар мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга етмаган, 3 та лойиҳада пудрат шартномаси тузилмаганлиги сабабли ишлар бошланмаган.
Сифатсиз амалга оширилган лойиҳалар
Шароф Рашидов тумани “Жиззах” МФЙ ҳудудида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактабида 209 дона (акфа) дераза ромлари, 43 дона эшик, 4 дона темир (алюмин) эшиклар ўрнатиш ҳамда ички ва ташқи деворларни пардозлаш ишларини олиб боришга 940 млн сўм ажратилган. Ўрнатилган эшикларнинг таг қисми ерга қадар тегиб турмаган ҳолда очиқ жойлар мавжуд бўлиб, қиш фаслида совуқ хаво кириб туради. Смета хужжатларида ўрнатилган алюмин эшикларнинг ойналари икки қаватли кўрсатилган бўлсада, бир қаватли ойналар ўрнатилган. Бинонинг ички ва ташқи деворларни пардозлаш ишлари сифациз бажарилган.
Қарши шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабида асосий бинонинг ташқи ва ички қисмини таъмирлаш, дераза ва эшик ромларини алмаштириш, янги иситиш қозонини ўрнатиш ҳамда спорт зали пол қисмини алмаштириш учун 1 млрд сўм маблағ ажратилган. Ажратилган маблағ эвазига мактаб биносининг ташқи ва ички қисми таъмирланган, дераза ва эшик ромлари алмаштирилган, иситиш қозони ўрнатилган. Бироқ таъмирлаш ишлари сифациз бажарилган, янги дераза ва эшик ромларини ўрнатиш ишлари ҳанузгача якунига етказилмаган. Шунингдек, 2022 йил декабр ойида ўрнатилган иситиш қозони ҳозирга қадар синовдан ўтказилиб, фойдаланишга топширилмаган.
Термиз тумани “Уйчи қизил” МФЙда жойлашган мактабгача таълим ташкилотларининг моддий техника базасини яхшилаш учун 600 млн сўм ажратилган. Маблағга пиёла, ликопча, қошиқ, чойшаблар харид қилинган ва Термиз туманидаги 17-давлат мактабгача таълим ташкилотига эҳтиёжи доирасида бўлиб берилган. Харид қилинган ушбу буюмлар талаб даражасида эмас.
Якунига етказилмаган лойиҳалар
Андижон шаҳрида жойлашган 50-умумтаълим мактабида янги спорт залини қуриш учун 1 млрд сўм маблағ йўналтирилган. Бироқ қурилиш- таъмирлаш ишлари бир йил муддат ўтган бўлишига қарамасдан якунига етмаган. Бугунги кунда бор-йўғи 65 фоизи бажарилган.
Чуст тумани “Яккабулоқ” МФЙга Чуст туман Электр таъминоти корхонаси томонидан 9 дона 400 кWА трансформатор хамда 60 дона бетон таянчлар сотиб олиш ва ўрнатиш учун 600 млн сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида 8 дона 400 КWА трансформатор ва 45 дона бетон таянчлар олиб келинган. 1 дона 400 кWА лик трансформатор ва 15 дона бетон таянч кам келтирилган.
Гулистон шаҳар 4-ТИП болалар спорт мажмуаси фасад қисми, томошабинлар жойи, ҳудудни ўраб турган деворларни таъмирлаш ишлари учун 200,0 млн сўм маблағ ажратилган. Бироқ тадбиркорнинг лойиҳаси экспертизадан ўтмаганлиги сабабли лойиҳани амалга ошириш чўзилиб кетган. Бугунги кунда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Гулистон шаҳри “Ниҳол” маҳалласи биносини қуриб ниҳоясига етказиш учун 250 млн сўм ажратилган. Маблағ тўлиқ ажратилган. Бироқ бинонинг ички қисмидаги таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.
Пудрат шартномаси тузилмаган лойиҳалар
Пудрат шартномаси тузилмаганлиги боис, Нурафшон шаҳар “Наврўз” МФЙда жойлашган тиббиёт бирлашмаси муассасасини канализасия тизимини таъмирлаш (600,0 млн сўм) Бўстонлиқ тумани “Маърифат” МФЙда жойлашган 54-сонли умумтаълим мактабининг иситиш тизимини жорий таъмирлаш (150 млн сўм) Тошкент тумани “Чиғатой” МФЙ ички йўлларини асфалт қилиш (1 млрд 200 млн сўм) лойиҳалари амалга оширилмаган.
Ажратилган маблағлар мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга етмаган лойиҳалар
Қарши туманидаги Бешкент “Марказий” футбол ўйингоҳини капитал таъмирлаш учун 990 млн сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ эвазига ўйингоҳ майдонидаги чим тўлиқ алмаштирилган, унинг дренаж ва суғориш тизими замонавий кўринишга келтирилган. Бироқ маблағ етишмовчилиги боис ўриндиқларни ўрнатиш ишлари ва стадион асосий биносини таъмирлаш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган.
Термиз тумани “Янгиер” МФЙда жойлашган Оилавий шифокорлик пунктини таъмирлаш учун 990 млн сўм ажратилиши белгиланган. Бироқ маблағ етишмовчилиги боис лойиҳа тўлиқ амалга оширилмаган.
Юқоридаги муаммоларни ҳамда мониторинг давомида аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қуйидаги таклифлар илгари сурмоқда:
“Ташаббусли бюджет” жараёнида адолатни таъминлаш мақсадида, ижтимоий объектларни алоҳида, маҳалла инфратузилмасини алоҳида мавсумларга ажратиш;
- Лойиҳани ўтказиш шартларига “1 киши 1 овоз” принсипини қатъий белгилаш;
- Ғолиб бўлган ташаббусларни лойиҳа смета ҳужжатларини жамоатчилик (ташаббускорлар) экспертизасидан ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш;
- Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, тендер эълон қилиш, шартнома тузиш ва ғолиб деб топилган ҳар бир объект бўйича фойдаланишга топшириш муддатларига риоя этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш;
- Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳисоб-китобларнинг тўғри ташкил этилишини таъминлаш, шунингдек зарур ҳолларда қўшимча молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
- Обектда амалга оширилган ишлар якунланганда буюртмачи ташкилотдан ташқари объект раҳбарининг ва жамоатчилик вакилларининг қабул қилиш далолатномасига розилик имзосини киритиш.
Alpha version: 0.9.1.19 build 33002 | Инструменты