Huawei 1
Бола ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилади

29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилинди.

Қарор билан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг жаҳонда умумэътироф этилган талабларга мувофиқ таъсирчан тизимини яратиш назарда тутилган.

Хусусан, қарорда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда унинг ҳузурида ташкил этиладиган Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгашининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда вазифалари белгилаб берилган.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишда иштирок этади. Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиб боради. Шунингдек, имконияти чекланган болалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига масъуллардан саналади. Бундан ташқари тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига кўмаклашади.

Ўз навбатида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради ҳамда дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Қарор билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга 2020 йил 1 ноябрга қадар бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳолатни танқидий ўрганиш асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси ҳам қўйилган.

http://uza.uz/oz/documents/bola-u-u-larini-imoya-ilish-tizimini-takomillashtirish-b-yich-29-05-2020 ҳаволаси орқали Президент қарорининг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga