Авваллари турли туғма нуқсонлар билан дунёга келган ўғил-қизларнинг аксариятини даволаш имкони бўлмаган. Оқибатда улардан бир қисми болалик даврида ҳаётдан кўз юмган бўлса, қолганлари умр бўйи ногиронлик асоратларидан азият чекиб яшаган.
Энди ана шундай ўғил-қизлар юртимизда ўтказилаётган юқори технологик операциялар ёрдамида кам инвазив усулларда соғлом ҳаётга қайтмоқда.
Республика болалар кам инвазив ва эндоскопик хирургия илмий амалий маркази директори Бобир Абдусаматов шу ҳақда маълумот берди.
— Ҳозир танага тиғ теккизмай, кичик кесмалар орқали бажариладиган кам инвазив жарроҳлик усуллари амалиётга кенг татбиқ этилмоқда, — дейди мутахассис. — Марказимиз 0-18 ёшли болалар ва ўсмирларда худди шундай юқори технологик операцияларни бажаришга ихтисослашган.
Бу ерда қорин бўшлиғи ва қорин орти аъзолари, қўкрак қафаси органлари, сийдик чиқариш тизимининг туғма ва орттирилган ҳамда чақалоқларнинг йирингли-септик, патологиялари илғор усулларда даволанмоқда.
Муассаса реанимация ва интенсив терапия, неонатал жарроҳлик, умумий хирургия, консультатив-ташхислаш ва қабул бўлимлари, операцион блок ҳамда маслаҳат-диагностика поликлиникасини ўз ичига олади. Шифо маскани Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги тегишли қарорига асосан, энг илғор тиббий технологиялар билан таъминланган.
Йилига ўрта ҳисобда 1700 та операция ўтказяпмиз. Шундан юқори технологик амалиётлар улуши 67 фоизга тенг. Россия, Германия, Беларусь, Ҳиндистон каби қатор мамлакатларнинг етакчи клинкалари ва тиббиёт олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда янги муолажа усуллари йўлга қўйилмоқда.
Шу тариқа болаларда туғма ва орттирилган патологияларни даволашда қўлланилаётган лапароскопик ва торакоскопик операциялар турлари кўпаймоқда. Ўз навбатида, гўдакларда туғма нуқсонларни эрта босқичда аниқлаш ва янги муолажа услубларини қўллаш натижасида чақалоқлар ўлим кўрсаткичи кейинги йилларда икки баробар камайишига эришилди.
Шу ўринда қисқача изоҳ берай: кам инвазив жарроҳлик амалиётларининг афзалликлари кўп. Аввало, танага тиғ тегмайди, операция қисқа давом этади. Муолажадан кейин бемор болалар ва ўсмирларнинг тикланиш жараёни осон кечади. Қолаверса, очиқ операцияда кузатилиши мумкин бўлган салбий асоратлар деярли кузатилмайди.
Жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда қатор ноёб операциялар ўтказилди. Туғма аноректал мальформациялари ва Гиршпрунг касаллигида лапароскопик йўл билан бажарилган қорин бўшлиғи ва оралиқ проктопластикаси, болаларда туғма жом сийдик найи стенозининг мазкур усулдаги коррекцияси шулар жумласидан.
Қолаверса, ҳудудий филиалларимизда янги даволаш турлари ўзлаштириляпти. Бунда йил бошидан буён марказ мутахассислари томонидан маҳаллий шифокорлар иштирокида 68 та қўшма операциялар ўтказилгани маҳорат дарслари вазифасини ўтади.
Ҳозир муассасамизда малакали хирург мутахассислар тайёрлаш мақсадида симуляцион марказ фаолиятини тўла йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Бу режамиз амалга ошгач, ҳудудий филиалларимиз шифокорлари шу ерда билим ва малака ошириш имкониятига эга бўлади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 33002 | Инструменты