Мева-сабзавотларимиз хорижлик экспертлар эътирофида

7 сентябр куни Ўзекспомарказ миллий кўргазмалар мажмуасида 2 - Халқаро мева ва сабзавот ярмаркаси ўз ишини давом эттирди. Кўргазманинг иккинчи куни аввалида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси,  “Ўзбекозиқовқатхолдинг”  компанияси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Фермерлар кенгаши, Кичик бизнес ва хусусий Тадбиркорлик субектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “УзТРАДE” “Ўзагроекспорт” аксиядорлик жамиятилари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Қайд этиш керакки, мазкур Меморандум томонларнинг ҳамкорликда фаолият юритиш муносабатларини белгилайди.

Кўргазманинг биринчи кунида бўлгани каби иккинчи кунида ҳам кўплаб шартномалар тузилди. Хусусан, Фарғона вилояти гилос, ўрик, шафтоли, узум сингари меваларни Латвия Қозоғистон Россия каби давлатларга экспорт қилиш бўйича  50 млн долларлик шартнома имзоланди. Наманган вилояти 80 млн долларлик экспорт шартномасини Буюк Британия, Латвия, Россия, Қирғизистон каби давлатларга етказиб бериш бўйича келишиб олди. Андижон вилояти эса 54 минг тонна маҳсулотни экпорт қилиш бўйича келишувларга эришди.

Кўргазмага ташриф буюрган хорижий меҳмонлар ярмаркадан ўрин олган мева сабзовотларни мусаффо осмонимиз қуёшидан баҳра олиб, табиий равишда дори-дармонларсиз етиштирилганлигини алоҳида эътироф этишмоқда. Кўргазманинг биринчи кунидаёқ кўплаб хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган вакиллар турли ҳажмдаги экпорт шартномаларини имзолашди.

- Биз кеча Андижон вилоятидан маҳсулот етказиб бериш ҳақида музокара олиб боргандик. Бугун бошқа вилоятлар  вакиллари билан мулоқотга киришамиз. Чунки ҳамманинг йўналиши ҳар хил, яъни кимдир помидор, кимдир бодринг, кимдир олма етиштиради. Очиғини айтсам, мен олмаларга кўпроқ қизиқиб қолдим. Чунки бу ерда олмалар шунчалик кўп бўлишини кутмагандим. Аниқроғи борлигини билардиму, лекин саноат ишлаб чиқариши даражасида кўплигини билмагандим. Айниқса кўк ва сариқ навдагилари. Олмалардан ташқари мавсумга қараб барча меваларни кўриб чиқяпмиз. Гилосдан бошланиб, ўрик билан давом этади, кейин шафтоли ва нектаринлар, узум, хурмо.... бундан ташқари қуритилган меваларни ҳам кўриб чиқамиз.  Албатта, истардикки, уларнинг ҳаммаси Европа сифат даражасида бўлса. Кўргазманинг ўзи эса мени ҳайратга солди. Бу ер шунчалик гўзал. Мен ўтган йили Испаниядаги кўргазмага боргандим. Ўзбекистонда ташкил этилган кўргазма ундан ўн чандон ортиқ. Бу ернинг одамлари самимий, меҳмондўст  экан. Мана шу стендларга қаранг чиройли услубда ишланган. Мен иштирокимдан жуда мамнунман. Шунчалик ҳайратдаманки, уни таърифлашга сўз ҳам тополмай қолдим.- деди Россиядан ташриф буюрган кўргазма иштирокчиси Игор Лунин УзРепорт АА мухбирига берган интервюсида.

Япониядан ташриф буюрган Манабу Ичимура эса қуйидаги фикрларни билдирди:

- Мен Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюрдим. Биз яқинда Ўзбекистондан 1 тонна қовун сотиб олган эдик. Тўғрисини айтсам бу қовунлар бизга жуда ҳам ёқди. Эндиликда биз катта миқдорда қовунларни харид қилмоқчимиз шу сабабли шахсан ўзим юртингизга ташриф буюрдим. Кўргазманинг ўзи жуда ажойиб. Мени бу ерда яна лимон, анор ҳамда қуритилган мевалар ўзига жалб қилди биз уларни ҳам Японияга олиб киришни ўз олдимизга мақсад қилдик. 

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки ярмарканинг ўтказилиши мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини янада кенгайтириш имконини беради. Кўргазманинг иккинчи кунида ҳам хорижнинг кўплаб нуфузли қайта ишловчи ва савдо компаниялари Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар, полиз экинлари, узум ва дуккакли ўсимликларнинг сифати, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг таркибий ҳусусиятлари, экологик софлик даражаси ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишди.

- Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот ва меваларнинг сифати ҳақиқатдан ҳам юқори, деб ҳисоблайман. Ушбу кўргазма потенсиал харидорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатли эканига ишонч ҳосил қилиш имкониятини берди. Ўйлайманки, бу ярмарка Ўзбекистонга бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликни янада олға суриш, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўзбекистондан экспорт қилишни кўпайтириш имконини беради. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга тўхталадиган бўлсак, ўтган ойда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ва қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Индонезияга ташриф буюришди ва у ерда музокаралар ўтказиб, Индонезия Президенти билан учрашишди. Ташриф давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масаласи ҳам муҳокама этилиб, келажакда ривожлантириш зарур бўлган йўналишлар аниқлаб олинди. Масалан, мутахассислар алмашиш имконияти, қишлоқ хўжалигида ўўқув дастурларини амалга ошириш муҳокама қилинди. Ташриф якуни бўйича  ҳамкорлик тўғрисидаги 11 га яқин ҳужжат имзоланди. – дея маълумот берди  Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Анака Агунга Где Алита Сантика УзРепорт АА мухбири билан суҳбатда.

Кўргазма ўз ишини 8 сентябрга қадар давом эттиради.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40406 | Инструменты