Huawei 1
Президент дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, 3-4 кун ичида халқаро молия бозорларида 10 трлн доллар маблағ йўқотилганини айтди

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Давлатимиз раҳбари дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини кўрсатиб ўтди.

“Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!”, - деди Президент.

Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди.

Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди.

Сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими – ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди.

Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди.

Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди.

Паркентнинг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этилаяпти. Франциянинг “Куршавель” тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.

“Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади”,
- деди Президент.

Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 41802 | Инструменты