Ўзбекистон 12 йиллик таълим тизимига ўтади

Аввалроқ 8 сентябрь куни президент таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистонда мактабгача таълим қамрови 80% дан паст бўлган ҳудудларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари мамлакат таълим тизимини халқаро миқёсдаги таълим тизимига интеграция қилиш бўйича топшириқ берганини қайд этди.

“Ҳозирда мактабга тайёрлов гуруҳларида қамров қарийб 100% ни ташкил этади. Ушбу тизимни мактаб таълимига қўшиш орқали 12 йиллик таълим тизимига ўтиш бўйича топшириқ берилди. Бундан бизга нима фойда? Биринчиси таълим сифати бўлса, иккинчиси хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга кираётган ўқувчиларимиз учун бир йиллик „Фоундатион соурсес“ — бошланғич тайёрлов курсларида ўқиш мажбуриятини енгиллаштиради”, — деди Сардор Ражабов.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосарининг таъкидлашича, ҳозирда ушбу талаб туфайли Ўзбекистон ёшлари бир йил вақтини йўқотяпди. Қонунчиликда 12 йиллик таълим тизимини белгилаш эса бир қатор давлатларда мавжуд бўлган тайёрлов курсларида ўқиш мажбуриятини бекор қилади ва тўғридан тўғри бакалавр даражасида ўқиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, тақдимотда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш учун тарбиячиларнинг малакасини ошириш, боғчаларда олий маълумотли тарбиячилар сонини ошириш бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

Сардор Ражабов эндиликда Ўзбекистон миллий педагогика университети ҳамда ҳудудлардаги педагогика университетларида мақсадли қабул эълон қилиниб, тарбиячилар учун 5+1 форматида таълим бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40515 | Инструменты