Эрдўғанга Қирғизистоннинг олий мукофоти топширилди

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 5 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга мамлакатнинг биринчи даражали мукофоти “Манас” орденини топширди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Орден Бишкекдаги Президент администрациясининг янги биносида раҳбарлар йиғилиши пайтида тантанали равишда топширилган.

“Ушбу мукофот Ражаб Тойиб Эрдўғанга Қирғизистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, икки халқ бирлиги ва дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун берилди”, дейилади хабарда.

Тақдирлаш маросимида Президент Садир Жапаров Туркия Президентига қирғиз халқининг чуқур миннатдорлигини билдириб, ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги шахсий саъй-ҳаракатлари учун Эрдўғанга Қирғизистон Республикасининг олий давлат мукофотини топшириш у учун катта шараф эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, биринчи даражали “Манас” ордени Қирғизистоннинг энг юқори мукофоти ҳисобланади. У мамлакат ва демократик жамиятни, халқ бирлигини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлашга, давлатнинг иқтисодий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини оширишга қўшган улкан ҳиссаси учун топширилади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 40416 | Инструменты