Huawei 1
Олимжон Тўйчиев Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори этиб тайинланди

Олимжон Тўйчиев Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори этиб тайинланди.

Шу муносабат билан у Президент қарорига кўра Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори лавозимидан озод этилди.

Олимжон Тўйчиев 1991 йил Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида туғилган. Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2015 йил машинасозлик муҳандиси мутахассислиги бўйича бакалавр даражаси ва 2017 йили Мехатроника йўналиши бўйича магистрлик даражасига эга бўлган. Шунингдек, 2016–2017 йилларда Германиянинг Хохенҳайм университетида ҳам таҳсил олган.

Тўйчиев 2013 йил овоз орқали масофадан бошқарилиб, турли топшириқларни бажарадиган, ўзбек тилини тушунадиган биринчи роботни яратиб, фан ва техника соҳасида, айниқса, робототехника соҳасини ёшлар ўртасида кенг кўламда оммалаштириш йўлида қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2017 йил «Камолот» ЁИҲ қурултойида президент томонидан Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланган. 2019 йил мартида Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари бўлган ва бу лавозимда 2021 йил апрелига қадар ишлаган.

2021–2023 йилларда Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси бош директори бўлган, 2023 йил январидан буён Инновацион ривожланиш агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётганди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 50508 | Инструменты