Маълумки, минтақада сув танқислиги билан боғлиқ вазият ундан имкон қадар тежамкор фойдаланиш, сув хўжалигида илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, инновацион технологиялар, илм-фан ютуқларини кенг жорий этишни тақозо этмоқда.
Олий Мажлис Сенати мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси доирасида қишлоқ хўжалигида сув таъминоти ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу йилнинг февраль ойида Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар шуни кўрсатдики, сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифалар ижроси бўйича салмоқли ишлар амалга оширилган.
Ўрганиш ва таҳлиллар, фермер хўжаликлари билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида сувдан самарали фойдаланиш, шу жумладан сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги маълум бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига сенатор сўрови юборди.
Сўровда қишлоқ хўжалиги экинларни суғоришда 35 йил аввалги гидромодул районлаштириш нормалари қўлланилаётгани, айрим ҳолатларда сув тежовчи технологияларни жорий этишда ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароити чуқур ўрганилмаганлиги оқибатида ўрнатилган ҳар хил турдаги сув тежовчи технологиялар ер майдонига мос келмаслиги ва самарадорлиги паст экани келтириб ўтилган.
Сўровда қайд этилишича, сув тежовчи технологияларни ўрнатиш учун кредит маблағларини ажратиш шартлари мураккаб, уларни бажариш учун айрим фермер хўжаликларининг бугунги иқтисодий ҳолати талабга жавоб бермайди. Ҳудудларда янги замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича фермерлар ва мутахассисларнинг малакаси етарли эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4801-сонли қарори билан тасдиқланган манзилли рўйхатга мувофиқ вилоятда 2021–2023 йилларда 14 та ирригация объектини қуриш ва реконструкция қилиш учун кўзда тутилган маблағлар ўз вақтида йўналтирилмаганлиги сабабли тадбирлар ижроси йилдан-йилга ўтказилиб, кечиктирилмоқда.
Сенатор вазирдан жорий йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, янги гидромодул районлаштириш нормаларини ишлаб чиқиш, ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос бўлган сув тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан тушунтириш беришни сўради.
Шу билан бир қаторда сув тежовчи технологиялар ва суғориш объектларига қурилмаларни ўрнатиш бўйича кадрлар тайёрлаш ва хорижий тажрибаларни ўрганиш, сув насосларини модернизация қилиш ва уларни бошқаришни хусусий шерикликка бериш борасида вазирлик томонидан амалга ошириладиган ишлар ҳамда сув тақчиллигининг олдини олиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилишга оид тегишли таклифлар тақдим этишни сўради.
Alpha version: 0.9.1.19 build 50108 | Инструменты