ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ташаббусини қўллаб-қувватлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясига мурожаати чоғида жуда муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурдилар.
Ҳар бир таклиф мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига мос ва уларинг узвий давоми ҳисобланади. 2021 йилда ЮНЕСКО умумжахон мероси шаҳри Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форумни ўтказиш ташаббуси БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти доирасида катта қизиқиш уйғотди.
ЮНЕСКО раҳбарияти, шу жумладан Бош директор Одри Азуле, ушбу ташаббусни жуда илиқ кутиб олди ва уни ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали қўллаб-қувватлади. Ташкилот раҳбари ушбу тадбирнинг муҳимлиги ва ўз вақтида ўтказилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, “халқаро форум Марказий осиёнинг умумий маданиятига шўнғиш имкониятини яратади”.
“Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форумни ўтказиш тўғрисидаги давлатимиз Раҳбари таклифига қизиқиш катталиги борасида бир неча сабабларни келтириш мумкин.
Биринчидан, бу форум ЮНЕСКО мандатига кирувчи асосий йўналишлар – илм-фан ва маданиятни тарғиб қилишга қаратилган. Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида таъкидлагаларидек “минтақамизнинг кўп асрлик маданий ва маънавий мероси глобал аҳамиятга эга”.
Иккинчидан, ташаббус Ташкилот томонидан амалга оширилаётган фаолиятга тўла мос тушади. ЮНЕСКО бир неча ўн йиллар давомида Марказиё Осиё маданияти ва тарихи ҳақида улкан тадқиқотлар қилмоқда. Ташкилотнинг “Буюк ипак йўли” махсус онлайн платформасида минтақамизга тегишли кўплаб маданий ва илмий артефактларнинг нусхалари тўпланган. Бугунги кунда “Ипак йўли” дастури доирасида изланишлар ва тадқикотлар давом этмоқда. ЮНЕСКО 6 томдан иборат “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” номли китоблар тўпламини ҳам нашр қилган.
Учинчидан, давлатимиз Раҳбариинг ушбу ташаббусларига илиқ муносабат ЮНЕСКО билан тобора мустаҳкамланиб бораётган иккитомонлама алоқаларимиз маҳсули десак ҳам тўғри бўлади. Охирги йилларда, айниқса ҳурматли Президентимизнинг ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан 2018-2019 йилларда Париж ва Самарқандда бўлиб ўтган учрашувлари натижасида ҳамколик изчил ва жадал ривожланмоқда. ЮНЕСКО раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматининг ўзаро алоқаларни кенгайтиришга бўлган интилишларини ҳар доим юқори баҳолаб келади.
Тўртинчидан, ЮНЕСКО Ўзбекистон билан ҳамкорликда йирик халқаро маданий-маьрифий ва илмий тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тажрибага эга. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўтказилган “Шарқ тароналари”, “Бахши”, “Мақом” каби халқаро форумлар ушбу Ташкилот шафелигида ўтказилди. Бундан ташқари, ўтган йили Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО иштирокида “Моддий ва номоддий меросни сақлаш: долзарб муаммолар ва уларни ечиш стратегияси” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО қошидаги Доимий ваколатхонаси ҳурматли Президентимизнинг ушбу муҳим ташаббусларини амалга оширишга киришди. Форумни ўтказишнинг ташкилий ва бошқа масалалари бўйича ЮНЕСКО вакиллари билан музокаралар бошланди. Ишончим комилки, Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКОнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ушбу тадбир энг юқори даражада ўтказилади ва нафақат минтақамиз давлатлари, балки бутун халқаро ҳамжамият ёдида ёрқин ва узоқ муддат қолади.
Умид Шадиев, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий вакили
Alpha version: 0.9.1.19 build 112920 | Инструменты