Huawei 1
Илмий ва инновацион фаолият юритувчи юридик шахсларнинг реестрини жорий этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Илмий ва инновацион фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг тубдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фармон лойиҳаси билан 2025 йил 1 январидан бошлаб илмий ташкилотларни молиялаштириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Унга кўра:

  • Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ҳисобидан илм-фан харажатлари учун ажратилган маблағлар доирасида сақланаётган ва базавий молиялаштиришга ўтказилган илмий ташкилотларнинг (кейинги ўринларда — бюджет илмий ташкилотлари) илмий фаолиятини мувофиқлаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
  • бюджет илмий ташкилотлари томонидан ҳисобот йилидан кейинги йил учун ишлаб чиқиладиган илмий-тадқиқот дастурлари илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиққан ҳолда юқори турувчи вазирлик ва идоралар орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда — агентлик)га экспертизадан ўтказиш учун киритилади;
  • агентлик илмий-тадқиқот дастурларига киритилиши таклиф этилган мавзуларнинг илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларга мувофиқлиги, илмий ишланмаларнинг истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талаблари ўрганилганлиги, аввал бажарилган илмий-тадқиқотларни такрорламаслиги ва бюджет илмий ташкилотнинг фаолият йўналишига мослиги юзасидан экспертизадан ўтказади;
  • белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган илмий-тадқиқот дастурлари агентлик томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик)га келишиш учун киритилади ва келишилган илмий-тадқиқот дастурлари бюджет илмий ташкилотларнинг юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланади;
  • базавий молиялаштиришга ўтказилган илмий ташкилотларнинг тасдиқланган илмий-тадқикот дастурлари илмий фаолиятга оид давлат дастурларга ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштириб борилади;
  • бюджет илмий ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 ноябрга қадар агентликка кейинги йилларда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот дастурлари лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритади;
  • белгиланган тартибда кўриб чиқилган илмий-тадқиқот дастурлари вазирлик томонидан келишилади ва бюджет илмий ташкилотининг юқори турувчи ташкилоти томонидан тасдиқланади.

Вазирликнинг Илмий ва инновацион фаолият юритувчи юридик шахсларнинг реестри (кейинги ўринларда — Реестр)ни жорий этиш юзасидан таклифига розилик берилади.

Лойиҳада белгиланишича:

  • реестр электрон шаклда юритилади ва реестрга киритилган ташкилот ўзининг фаолият турига кўра Агентликнинг тегишли ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • реестрга киритилган ташкилотдаги ходимлар илмий-инновацион фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда — шахсий идентификация рақами)га эга бўладилар ва Агентликнинг ахборот тизимларидан ўзларининг шахсий кабинетлари орқали белгиланган тартибда фойдаланадилар;
  • агентлик Реестрга киритилган ташкилотдаги ходимларни шахсий идентификация рақами билан таъминлаш чораларини кўради;
  • реестрга киритилган ташкилотларнинг илмий ва инновацион фаолиятига доир маълумотлари Агентликнинг ахборот тизимлари, «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси ва бошқа давлат ахборот тизимлар билан интеграция орқали ягона электрон базада тўпланади;
  • Ўзбекистонда илмий ва инновацион фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари Реестрга киритилган ташкилотлар бўйича жамланади.

Шунингдек, вазирликнинг илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида докторлик диссертациясини бажаришга қаратилган амалий тадқиқот лойиҳаларидан (кейинги ўринларда — диссертацион тадқиқот лойиҳаси) иборат Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши кўзда тутилган.

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурларини шакллантириш ва бажарилишида қуйидагилар белгиланади:

  • Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳар йили агентлик томонидан ўтказиладиган бажарилиши уч йилга мўлжалланган диссертацион тадқиқот лойиҳалари танлови натижаларига кўра Вазирлик томонидан тасдиқланади;
  • диссертацион тадқиқот лойиҳасига раҳбарлик қилувчи (кейинги ўринларда — лойиҳа рахбари) бир вақтнинг ўзида лойиҳага мувофиқ бажарилаётган фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлайдиган изланувчининг (кейинги ўринларда — изланувчи) илмий раҳбари ҳисобланади;
  • диссертацион тадқиқот лойиҳасида фақат бир нафар изланувчи лойиҳа ижрочиси сифатида киритилади ва лойиҳа бажарилаётган ташкилот унинг асосий иш жойи этиб белгиланади;
  • лойиҳа ижрочиси лойиҳа раҳбари томонидан мустақил ўтказиладиган танлов натижаларига кўра аниқланади ва докторлик диссертациясини тузиладиган тегишли шартномага мувофиқ лойиҳа бажарилаётган ташкилотда мустақил изланувчи сифатида амалга оширади;
  • амалий тадқиқот лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлар доирасида докторлик диссертациясини тайёрлаш назарда тутилади.

Ёш олимларни хорижий илмий стажировкага юборишни ташкил қилишда қуйидагилар белгиланади:

  • 2025 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловларни ташкил этиш, ўтказиш, саралаш ва молиялаштириш Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан амалга оширилади;
  • Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижий стажировкага фақат илмий фаолият билан шуғулланаётган 35 ёшдан ошмаган ходимлар юборилиши режалаштирилмоқда.
Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 91921 | Инструменты