Huawei 1
Масъулияти чекланган жамиятларни ташкил этишда таъсис шартномасини тузиш талаби бекор қилинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июль куни бўлиб ўтган мажлисида “Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик ва Солиқ кодексларига, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, унитар корхона ва қўшимча масъулиятли жамият ташкилий-ҳуқуқий шакллари бекор қилинмоқда. Шунингдек, Фуқаролик кодексида корпоратив шартнома, консорциум, консорциум шартномаси каби институтларнинг ҳуқуқий мақомларини белгилаш, масъулияти чекланган жамиятларни ташкил этишда таъсис шартномасини тузиш талабини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайти орқали улар юз берган санадан икки иш куни ичида эълон қилиши белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 62408 | Инструменты