Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетитининг Тошкент шаҳридаги филиалига кириш имтиҳонлари ўтказилди
29 август куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетитининг Тошкент шаҳридаги филиалига кириш имтиҳонлари ўтказилди.
Мазкур филиалда талабалар 2 йўналишда – электрон тижорат ва бошқариш ҳамда халқаро бизнес ва тадбиркорлик соҳаларида таълим олади. Ҳар бир йўналишга 50 нафардан талаба қабул қилинади. Бу йил филиалга 500 дан зиёд абитуриент ҳужжат топширган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил февраль ойида Туркияга ташрифи доирасида 19 февраль куни Анқара шаҳрида ўтказилган Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия биринчи стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши натижалари бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи ўртасида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини ташкил этиш юзасидан меморандум имзоланган эди.
2020 йил 17 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида Туркиянинг иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Университетга ўқишга кирган иқтидорли ва кам таъминланган талабалар учун Туркия Савдо палаталари ва биржалари иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бир қатор имтиёзлар тақдим этилади. Талабалар таълим жараёнида тил бўйича билимини ошириш имконига эга бўлади. Чунки дарслар инглиз тилида олиб борилади, қўшимча равишда турк, француз, немис ва хитой тиллари ўргатилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидан маълум қилинишича, биринчи ўқув йилида палата томонидан барча талабаларга (ҳар бири учун) 750 доллардан маблағ ажратилади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 102500 | Инструменты