Huawei 2
Ўзбекистонда илк бор ахборот-кутубхона мутахассислари масофавий ўқитилади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Медиамарказида  ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг касбий малакасини ошириш бўйича масофавий ўқитиш тизимини яратиш масалаларига бағишланган брифинг ташкил этилди.

Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилишини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 7 июндаги Президент қарори ижроси юзасидан ахборот берилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, ахборот-кутубхона мутахассисларининг малакасини масофадан туриб ошириш режалаштирилмоқда. Мутахассисларни масофавий ўқитиш курслари дастлаб “Ахборот-кутубхона муассасаларида кутубхона ва библиография иши” мавзусига бағишланиб, махсус ўқув дастури асосида олиб борилиши айтилди. Ҳозирда Миллий кутубхона мутахассислари томонидан ўқув курсининг ўқув дастури, машғулотларни тасвирга олиш жадвали, маърузалар матни, ҳар бир мавзу бўйича тест ва ўқув режаси ишлаб чиқилган.

Масофадан ўқитиш тизимига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари жалб қилиниб, ўқув машғулотлари интерактив усулда амалга оширилади.

“Ушбу лойиҳани жорий қилишдан мақсад — вилоят, туман (шаҳар) ҳудудларида фаолият юритаётган соҳа мутахассисларига ахборот-кутубхона иши ва библиография назарияси, ҳужжатларга ишлов бериш, нашрларни индексациялаш, адабиётларни ҳисобга олиш, фонд текшируви (инвентаризацияси)ни ўтказиш, маълумот-библиография аппаратини таҳрир қилиш методикаси тўғрисида билим беришдан иборат, — деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари Воҳид Ҳамидов. — Шунингдек, қуйидаги мақсадларни ҳам ўз олдимизга қўйганмиз: махсус, депозитар, ноёб адабиётлар фондларини шакллантириш усулларини, улардан фойдаланиш, сақлаш, тўлдириб бориш, босма нашрларни рақамлаштириш технологиясини сингдириш, ахборот-кутубхона фаолиятига оид стандартлар, ахборот-кутубхона хизмати турлари, китобхонлар қизиқишини ўрганиш, янги хизмат турлари билан таништириш ва бу борада жаҳон тажрибасини ўрганиш”.

Маълум қилинишича, малака ошириш курси 48 соатни ташкил этади. Курсни тамомлаган ва якуний назорат тест синовини муваффақиятли топширган тингловчиларга сертификат берилади.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga