Қадимда Узундара Бақтрия ва Сўғд чегарасида шимолий ҳудуддаги мудофаани таъминлаган муҳим стратегик объект ҳисобланган. Бу тармоқ таркибига нафақат қалъалар, балки Сувсизтоғ орқали Қашқадарё чўлларидан Сурхон ва Шўроб воҳасига ўтадиган жойларни ёпадиган Дарбанд ва бошқа деворлар ҳам кирган.
Узундарада очилган маъмурий ва ҳарбий раҳбарларнинг хоналари деворлари ички томони горельеф ва геральдик тасвирлар билан безалган. Узундара қалъаси ўзига хос “ҳимоя чегара” вазифасини ўтаган.
2016 йилда Ўрта Осиё тарихида биринчи марта қазишмалар пайтида хона полидан ноёб топилма топилган. Бу “Александр” типидаги драхма кумуш танга бўлиб, танганинг олд томонида Александр Македонский бошига шер тасвирли ниқоб ва орқа томонида Зевс худосининг тахтда ўтиргани акс этган.
Манзилгоҳдан шунингдек, илк салавкийлардан бўлган Антиох I нинг турли тангалари топилган. Коллекцияда юздан ортиқ мис ва кумушдан зарб қилинган драхма ва гемихалклар ўрин олган. Ушбу ёдгорлик ҳозирда Ўзбекистон ФА ва Россия ФА санъатшунослик институти мутахассислари томонидан тадқиқ этилмоқда.
Ташқи томонидаги тош тахтачалари алебастр қоришмалари билан сувалган. Қалъа ҳудудида археологик тўлиқ ванналар ва чўмилиш косалари топилган. Буларнинг ҳаммаси Узундара қалъаси гарнизонининг ҳаёти, тарихини тиклашга хизмат қилади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида археологик ёдгорликни қайта тиклаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳада Узундаранинг қайта реконструкция қилиниб, туристик манзилга айлантирилиши режалаштирилган.
Alpha version: 0.9.1.19 build 11722 | Инструменты