Huawei 1
Иқлим инқирози гендер зўравонлигининг кучайишига олиб келмоқда – БМТ

Иқлим инқирози аср охирига бориб ҳар ўнинчи интим “жуфт” томонидан содир этилган зўравонлик ҳолатига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг “Ёруғлик нури” номли кўп йиллик ташаббуси доирасида тайёрланган янги ҳисоботда сўз боради.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, иқлим ўзгариши жамиятдаги ижтимоий тарангликни кучайтиради ва заиф қатламлар аҳволини янада оғирлаштиради. Айниқса, бу ҳолат аёллар ва қиз болалар учун жиддий хавф туғдиради.

Ҳисоботда гендер зўравонлигига таъсир қилувчи асосий омиллар сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

  • экстремал об-ҳаво ҳодисалари;
  • мажбурий кўчишлар;
  • озиқ-овқат танқислиги;
  • иқтисодий беқарорлик.

Глобал ҳарорат ҳар бир даражага кўтарилганда интим зўравонлик ҳолатлари ўртача 4,7 фоизга ошади. Агар иқлим 2 даража исиса, 2090 йилга бориб ҳар йили яна 40 миллионга яқин аёл ва қиз бундай зўравонликка дучор бўлади. 3,5 даража исиш сценарийсида бу рақам икки баравар кўпаяди.

Ҳисоботга киритилган айрим тадқиқотларда, масалан, иссиқ тўлқинлар вақтида фемицидлар (аёлларнинг жинсга асосланган ўлдирилиши) сони 28 фоизга ошгани қайд этилган. Шунингдек, иқлим билан боғлиқ фалокатлардан кейин болалар никоҳларининг кўпайиши, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳолатлари кучайиши кузатилмоқда.

Инқироз барча аёлларга бир хилда таъсир қилмайди: қашшоқ оилалар, қишлоқ аёллари, ногиронлиги бор, кексайган ёки маҳаллий халқларга мансуб аёллар айниқса кўп хавф остида қолмоқда, чунки улар ёрдам, бошпана ва ҳуқуқий ҳимоя тизимларига етарлича эга эмас.

Шунга қарамай, ҳозиргача иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун ажратилган ривожланиш ёрдами маблағларининг атиги 0,04 фоизи гендер тенглигини таъминлашга йўналтирилган.

Тадқиқотчилар фикрича, бу ҳолат иқлим ўзгариши билан гендер зўравонлиги ўртасидаги боғлиқлик ҳали ҳам етарлича эътиборга олинмаётганини кўрсатади. Уларнинг таъкидлашича, иқлим чораларини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ишлаб чиқмасдан туриб, уларни самарали амалга ошириш имконсиз.

Izohlar: 0
Siz identifikatsiyadan o'tmadingiz
Ro'yxatda bo'lmay turib izoh qo'shish

Tepaga

Alpha version: 0.9.1.19 build 42703 | Инструменты