Вазирлар Маҳкамасининг «Қадимий Бухоро воҳасининг маданий-этнографик ва меъморий ўзлигини сақлаш ҳамда уни халқаро ҳамжамиятга янада кенг таништириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжатда Бухоро воҳасининг бой тарихи ва маданиятини акс эттирувчи ноёб моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, уни Ўзбекистон аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятга янада кенг таништириш, Бухоро халқаро аэропортида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш, экотуризмни ривожлантириш ҳамда соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича қулай шароитлар яратиш вазифалари белгиланган.
Қарорга кўра, Бухоро шаҳрида «Боқий Бухоро маданий- этнографик парки» (Этнопарк) барпо этилади.
Лойиҳада Қадимий Бухоро маданий-этнографик музейи, анъанавий бозор, ҳунармандчилик маркази, ҳаммом ва китоб расталари ўрин олган.
Шунингдек, Этнопарк ҳудудида Бухоро воҳасининг тарихий маҳаллалари, чойхоналари ва миллий таомлари тамаддихоналари, анъанавий ариқ ва ҳовузлари, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Ҳукумат қарори билан 2024–2030 йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари, туризмни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ва вилоятдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва туризм маршрутлари бўйича пиёдалар кўчаларини қуриш объектлари рўйхати тасдиқланади.
Қайд этилишича, Этнопарк концепцияси бўйича зарур лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш, лойиҳа ва лойиҳага оид ҳужжатларни белгиланган тартибда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ва бошқа ташкилотлар билан келишиш ишларининг ўз муддатларида амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Ташқи ишлар вазирлиги, ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхона ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Этнопаркни барпо этишга доир зарур ҳужжатларни белгиланган тартибда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси марказига кўриб чиқиш учун тақдим қилади ва ўзаро келишилишини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорда, шунингдек, Бухоро халқаро аэропортини реконструкция қилиш ва унинг йўловчи ташиш қувватини янада ошириш вазифалари ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, Бухоро туманида замонавий спорт комплекси (футбол стадиони) қурилади. Бухоро шаҳар 28-сон Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби негизида эса Бухоро футбол академияси ташкил этилади.
Alpha version: 0.9.1.19 build 42319 | Инструменты